ЎзА Ўзбек

14.10.2015 15:41:22 Чоп этиш версияси

Тил, тараққиёт ва маънавият

Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 26 йиллигига бағишлаб “Тил, тараққиёт ва маънавият” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимлари ҳамда вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган тадбирда таниқли ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида она тилимизни ривожлантириш, давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, уни нафақат расмий тил, балки миллий маданиятимизнинг ифода воситаси сифатида янада бойитиш ва софлигини асраш, давлат ва жамоат ташкилотларида “Давлат тили ҳақида”ги қонун ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Чунки тилимиз қадим маданиятимиз, тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси билан чамбарчас боғлиқ бўлгани учун ҳам унинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

– Марказимизда ўзбек тилининг бой имкониятларига бағишланган тадбирлар мунтазам ўтказиб келинади, – дейди вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Шоҳидбек Аслонов. – Она тилимиз ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимиз, таниқли адиб ва олимларимиз асарларининг электрон вариантлари ҳам яратилган. 25 мингдан ортиқ китобхонларимиз бошқа адабиётлар қаторида она тилимиз ҳақидаги адабиётлардан ҳам кенг фойдаланади.

Тадбирда мумтоз адабиётимиздан намуналар ўқилиб, Ватан ва она тилини улуғловчи куй-қўшиқлар янгради.