ЎзА Ўзбек

18.10.2012 17:42 Чоп этиш версияси

Тил – миллат кўзгуси

Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади. Тил – миллат кўзгуси, деб бежиз айтилмаган.

Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида давлатимиз делегациялари ташрифи, ёшларимиз ютуқлари, спортчиларимиз ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётир.

Она тилимиз номигагина ўқитилган, бу фанга дарс соатлари кам ажратилган даврлар ҳамон эсимизда. Бугун ўзбек тили фанининг аҳамияти қанчалик беқиёс эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Шу туфайли ўқувчиларнинг ўз она тили ва адабиётини ўрганишга қизиқиши кучли. Ёшларимизнинг она тилимизга ҳурмат ва муҳаббатини кўриб, шу фандан дарс бераётганимдан ғурурланаман.

Мен дарс бераётган 5-умумтаълим мактаби тумандаги йирик таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. 2008 йилда тўлиқ реконструкция қилинган мактабимизда етти нафар малакали ўқитувчи ўқувчиларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бераётир.

Мактабимиздаги она тили ва адабиёти тўгарагига қатнаётган ўқувчиларнинг бу фандан олаётган билими янада чуқурлашмоқда. Шунингдек, мактабда ўзбек тили ва адабиётини ўрганишни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Тил – миллат кўзгуси”, “Она тилим – жони дилим”, “Ўйла, изла, топ” каби адабий-бадиий кечалар, викториналар мунтазам ўтказилиб борилмоқда. Бунинг самарасида ўқувчиларимиз фан олимпиадаларида вилоятда юқори ўринларни эгалламоқда.

Ҳар йили мамлакатимизда ўзбек тили ва адабиёти фани ойлигини ўтказиш яхши анъанага айланди. Ойлик давомида бизнинг мактабимизда ҳам “Тил байрами” бўлиб ўтади. Унда мазкур фанларни яхши ўзлаштираётган ёшлар муносиб рағбатлантирилади. Бундай тадбирлар ўқувчиларда она тилимизга – давлат тилига бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади.

ЎзА, Гулчеҳра НАМОЗОВА, Жиззах туманидаги 5-умумтаълим мактаби
ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

 


ЎзА
18 929