Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.05.2018 18:29 Чоп этиш версияси

Тил инсоннинг юзи, тарбия воситасидир

Автобус бекатидаги икки кишининг суҳбатидан атрофдагилар мулзам бўлди. Қаерда турганини унутганлар бир-бирининг шаънига куракда турмайдиган ҳақоратли сўзларни айтишарди. Бекатда эса йўловчилар – улар орасида мактаб ўқувчилари, аёллар, ёшлар бор...

Улар билан автобусимиз бир экан. Йўл давомида уларнинг гоҳ бир-бири билан, гоҳ телефон орқали сўзлашувини эшитишга юрагинг дош бермайди.

Кўпчилик орасида, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, ён-атрофни бошига кўтариш, ҳамманинг эътиборини тортиш тўғрими?!..

Сўнгги вақтларда телефондан фойдаланиш масаласида жиддий нуқсонлар сезилиб қолмоқда. Жамоат жойларида ўринсиз сўзлашувлардан ўзини тия олмаётганларга нисбатан бирор маъмурий жавобгарлик жорий этиш керакмикан, деган ўйга борасан киши. Шундагина кутилмаган ҳолларда олтинга тенг асаблар зир қақшамасмиди, эҳтимол. Ахир, бу ҳол эрта тонгда содир бўлса, кун давомида, агар, кечга яқин рўй берса, то тонггача асаблар ором нималигини билмайди. Иш унумдорлиги камаяди, бундан жамиятга жиддий зарар етади.

... Пойтахтлик Алибек Отахўжаев икки ўғил ва бир қизнинг отаси. У фарзандларим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб югуриб-елди. Аммо фарзанд тарбиясида моддий тўкинликдан кўра, маънавий жиҳатлар муҳим эканлигини унутди. Натижада бугун қарилик даврида ўғилларининг қўполлигига дуч келди.

– Ҳаммасига айбдор ўзим: ғўр эканман ўшанда, – дейди А.Отахўжаев. – Аёлимни болаларнинг кўз ўнгида кўп уришганман, ҳақоратлаганман. Шунданми, аёлим эрта вафот этди. Энди болаларимнинг барча ташвиши зиммамга тушди. Тонг қоронғусида ишга кетиб, тунни кеч қилиб қайтардим. Фарзандларнинг уст-боши бут, қорни тўқ бўлса бўлди-да, деб ўйлаганимдан минг бора афсусдаман. Буни кеч англадим!

«Ёлғиз қолганда фикрингни, кўпчилик орасида тилингни жиловла», дейишади. Бугунги кунда жиноятларнинг аксари қўполлик, муомала маданиятини билмаслик, ҳақоратлаш каби иллатлардан келиб чиқмоқда.

– Инсон умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда ўзлаштираркан, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 504-мактабгача таълим муассасаси мудираси Зарифа Азимова. – Шунинг учун ҳам тарбия масаласига мактаб ёшигача бўлган йилларда жиддий эътибор қаратиш лозим.

«Қуш уясида кўрганини қилади», дейди халқимиз. Оилада биз, катталар гаплашаётганимизда бир-биримизга ҳурматли, эътиборли бўлсак, ёшлар ҳам ширин сўз, маданиятли бўлиб ўсади.

Абдулла Авлоний “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарида: “Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизи қувватландурмак, фикримизи нурландурмак, ахлоқимизи гўзалландурмак, зеҳнимизни равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга, “биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи, мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур...», деб ёзади.

– Таълим-тарбия кеча ёки бугун юзага чиққан масала эмас, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси Сабоҳат Калонова. – Бу масала неча асрлар олдин ҳам бор эди, бундан кейин ҳам бўлади. Тарбияда энг муҳим восита – кўрсатилган меҳр ва ширинсўзликдир. Бундан кўринадики, таълим ҳам яхши тарбиядан бошланади.

Ҳар биримизга эркин фикрлаш, ошкора сўзлаш ҳуқуқи берилган. Аммо бу уятнинг чегаралари йўқ дегани эмас. Зеро, шоир ёзганидек:

Дунёда чегара кўпдир ва лекин
Ёлғиз уятсизлик чегараси йўқ…

Инсон табиатини бузувчи хулқ-атворлар улғайиб келаётган ёш фарзандлар учун ниҳоятда хатарли эканини айтмоқчимиз, холос. Фақат айтар сўзимиз, тилингизга ва хулқингизга эҳтиёт бўлинг, катталар, атрофингизда болалар бор, демоқчимиз.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 520