ЎзА Ўзбек

13.05.2019 Чоп этиш версияси

Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини ривожлантириш янги босқичга кўтарилди

Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини ривожлантириш янги босқичга кўтарилди

Мутахассис кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамма вақт ҳам энг долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу масала ечимида кенг имкониятлар яратмоқда. Хусусан, мамлакатимизда миллий тиббиёт ва фармацевтика таълимини модернизация қилиш, ушбу соҳага халқаро таълим стандартларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, таълим олаётган ёшларга маънавий-ахлоқий тарбия беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Собир ТУРСУНОВ,
Тошкент шаҳар Сергели тиббиёт коллежи директори,
педагогика фанлари доктори.

news_1153.Собир Турсунов муносабати ёшларга.jpg

Миллий тиббиёт таълимининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар самарасида мамлакатимиз тиббиёт таълим муассасаларининг нуфузи ошмоқда. Буни Ўзбекистонда юзлаб хорижлик талабалар таълим олаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 майдаги “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди. Мазкур ҳужжат тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамияти катта. 

Хўш, Президентнинг бундай қарор қабул қилишидан кўзланган асосий мақсад нимада? Авваламбор, ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишидан мақсад тиббий таълим сифатини ошириш, олий ва ўрта махсус профессионал тиббий таълим тизимини энг яхши халқаро тажрибалар даражасида босқичма-босқич шакллантириш, тиббий ёрдам сифатини оширишдир.

Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фанини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари белгиланди:
  • эҳтиёж юқори бўлган тор мутахассисликлар бўйича шифокорларни тайёрлашни ташкил этиш;
  • ўқитишнинг кредит-модул тизимини жорий этиш;
  • тиббиёт ва фармацевтика кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг марказлаштирилишига барҳам бериш;
  • ўқитиш жараёнларини мониторинг қилиш ва шахсий ҳисобга олишни таъминлаш;
  • тиббиёт ва фармацевтика илм-фанини, тиббиёт ва фармацевтика муассасаларининг клиникалари, ўқув ва ўқув-ишлаб чиқариш базаларини ривожлантириш.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;
  • 2025 йилга қадар тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фанини ривожлантириш сифатини баҳолаш индикаторлари;
  • тиббиёт ва фармацевтика олий таълим, ўрта махсус тиббиёт таълим йўналишлари, ўқитиш муддатлари ва битирувчиларга бериладиган малакалар рўйхати.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда унга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

  • белгиланган тартибда давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш, малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини тасдиқлаш;
  • тиббиёт ва фармацевтика таълими йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
  • профессор-ўқитувчиларнинг меҳнат меъёрларини белгилаш;
  • қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнлари устидан ягона ташкилий ва ўқув-услубий раҳбарликни таъминлаш;
  • клиник ординатура (резидентура)да тўлов-контракт асосида ўқитиш нархи миқдорини белгилаш.
Эҳтиёж юқори бўлган тор мутахассисликлар бўйича шифокорлар бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасалари учун 1 йилдан кам бўлмаган муддатда бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари тайёрланади. Курсларни тамомлаган шифокорлар уларни ўқишга йўллаган муассасада эгалланган тор мутахассислик бўйича камида уч йил ишлаб беришлари шарт.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика кадрлари учун кредит-модулли ўқитиш тизимига асосланган, узлуксиз касбий таълим тизими жорий этилади.

Ҳужжатда белгиланишича, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларидаги бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинлари давлат муассасаларида уч йилдан кам бўлмаган муддат ишлаб берган шифокорларга клиник ординатурага (резидентурага) киришда танлов синовлари натижалари бўйича йиғилган баллар суммасидан 30% миқдорида қўшимча баллар тақдим этилади.

Тиббиёт олий таълим муассасалари раҳбарларига дарс бериш фаолиятида иштирок этиши учун даволаш-профилактика муассасаларидан жалб қилинадиган малакали мутахассисларга лавозим маошига 100 фоизгача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқи берилди.

2020 йилдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари талабалари ва тиббиёт коллежларининг ўқувчилари орасида клиник фанлар бўйича Ибн Сино номидаги халқаро тиббиёт олимпиадаси ўтказилади. Шунингдек, ёш олимлар орасида Ибн Сино номидаги халқаро илмий танловлар ўтказилиши ҳам назарда тутилган.

Агар ҳар бир ҳужжатнинг мазмун моҳиятини тўлалигича англасак, у ҳаётга самарали татбиқ этилади, ижроси сўзсиз таъминланади, пировардида мамлакат равнақ топаверади. Зеро, мазкур ҳужжатнинг ҳам ҳаётимизга кенг татбиқ этилиши тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш тизими янада такомиллаштириш, соҳада фаолият юритаётганларнинг малакасини ошириш, энг муҳими, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасининг янада ривожланишида муҳим омил бўлади.

17 376
ЎзА