ЎзА Ўзбек

04.04.2018 21:12 Чоп этиш версияси

Тиббиёт соҳасида хусусий секторни ривожлантириш – долзарб масала

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда “Хусусий тиббиёт соҳаси фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзуида давра суҳбати ташкил этди.

Тадбирда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишни кучайтириш, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, хусусий тиббиёт соҳасига хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтиришга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан соғлиқни сақлаш тизимидаги хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тизими яратилди. Хусусий тиббиёт муассасаларига тиббий хизматнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди. Талаб юқори бўлган қатор йўналишларда хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт масканлари фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур қарор билан хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқ ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилди. Бўшаган маблағлар эса уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, сервис-техник хизмат кўрсатиш, керакли эҳтиёт қисмлар, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, янги бино ва иншоотлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилишга мақсадли йўналтирилади.

– Тиббиёт тизимида хусусий секторнинг ўрни ва салоҳияти тобора ортиб бораётгани соҳадаги қонунчиликнинг бугунги ҳолатини аниқлашни тақозо этади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева. – Партиямиз томонидан мазкур йўналишни ўрганиш жараёнида хусусий тиббий фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш масаласи қонун билан эмас, балки фақат қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинаётгани аён бўлди. Бундан 22 йил олдин, 1996 йил 29 августда қабул қилинган “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни эса хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш учун етарли ҳуқуқий ҳужжат бўла олмайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, партиямиз “Хусусий тиббий фаолият тўғрисида”ги алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Тадбирда O’zLiDeP таклиф этаётган қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.

Хусусий тиббиёт муассасалари қуриш учун ер майдони ажратиш, нодавлат тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, хусусий тиббий секторларга тижорат банклари томонидан кам фоизли ва узоқ муддатли кредитлар ажратиш лозимлиги қайд этилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
9 887