ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Тиббиёт ходимларига тажовуз қилганларга жазо муқаррар

Тиббиёт ходимларига тажовуз қилганларга жазо муқаррар
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 9 октябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий ҳамда халқаро ҳаётига доир бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахен протоколига қўшилиши тўғрисида (Монреаль, 2000 йил 29 январь)»ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, юртимизда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва ундан барқарор фойдаланиш экологик соҳадаги сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Боиси, табиий экотизимлар ва улардан фойдаланиш, яъни чорвачилик, суғориладиган деҳқончилик, ўрмончилик, балиқчилик, рекреация, туризм ва бошқаларга дахлдор иқтисодиёт тармоқлари биохилма-хиллик билан бевосита алоқадор.

Ўзбекистон Республикаси 1995 йил 6 майда қўшилган Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг асосий мақсади эса, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш, унинг компонентларидан барқарор фойдаланиш ҳамда тегишли технологиялар алмашиниш билан боғлиқ фойда олишдир. Мазкур Конвенциянинг биологик хавфсизлик бўйича Картахен протоколи замонавий биотехнология маҳсулотларининг давлат чегарасидан хавфсиз ҳаракатланиши, қайта ишланиши ва фойдаланилиши учун чоралар тартиби тўғрисидаги халқаро келишув ҳисобланади.

Бугунги кунга қадар ушбу Протоколга БМТга аъзо 198 та давлатдан 171 таси ҳамда халқаро ташкилот сифатида Европа Иттифоқи қўшилган.

Депутатларнинг фикрича, Протоколнинг қабул қилиниши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, гени модификацияланган организмлар (ГМО) ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш масалаларини халқаро тартибга солиш учун муҳим қадам ҳисобланади. Айни пайтда атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига эҳтимолий хавфни минималлаштириш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, парламент аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши замонавий биотехнология маҳсулотларидан фойдаланиш олиб келиши мумкин бўлган хавфни бартараф этишга, маҳаллий маҳсулотлар экспорт номенклатурасининг кенгайтирилишига кўмаклашишини қайд этдилар.

Шундан сўнг мажлис кун тартибига киритилган «Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларига нисбатан беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан тажовуз қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Айниқса, тез тиббий ёрдам ходимларига тажовузлар сони кўпайди. 2017-2018 йиллар давомида тиббиёт ходимларига нисбатан қилинган 300 дан ортиқ ана шундай тажовузлар қайд этилган бўлиб, қилинган ҳужумлар натижасида аксарият ҳолларда уларнинг соғлиғига ўрта ва оғир зарар етказилган. Амалдаги қонун ҳужжатларида фақат соғлиққа зарар етказган шахсни жавобгарликка тортиш бўйича умумий нормалар белгиланган, холос. Яъни тиббиёт ходимларига нисбатан ҳужум қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи, шунингдек, ўз хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини беморларнинг ва уларнинг яқин қариндошларининг тажовузидан ҳимоя қилувчи махсус нормалар мавжуд эмас. Шунинг учун аксарият ҳолларда қилинган қонунбузарлар жазосиз қолиб кетмоқда ва жиноят учун жазо муқаррарлигидан иборат тамойил ўз маъносини йўқотмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик муқаррарлигини назарда тутади.

Депутатларнинг қайд этишича, инсонлар соғлигини ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли ишга бел боғлаб, ҳатто ярим тунлари ҳам ҳаловатидан кечиб, тиббий ёрдам кўрсатишга шайланган фидойи касб эгаларига нисбатан тажовузкорона муносабат, биринчи навбатда, бизнинг ҳуқуқий демократик давлатимиз принципларига мутлақо мос келмайди. Иккинчидан, бу одамларга яхшилик қилиш, уларга ёрдам беришга интилаётган инсонлар эъзозланган, улуғланган қадриятларимизни оёқости қилиш, одобсизликнинг яққол намунасидир. Шу боис, саломатлигимиз посбонларига нисбатан тобора кўпайиб бораётган бундай зўравонлик ҳолатларига бефарқ қараб бўлмайди.

Шундан келиб чиқиб, парламент аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тиббиёт ходимларининг муҳофазасини кучайтиришга, улар томонидан аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши учун янги шароитлар яратилишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Депутатлар йиғилиш кун тартибидан ўрин олган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2111-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган ушбу лойиҳа истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз “занжири”ни шакллантиришни назарда тутади. Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш мақсадида Солиқ кодексининг 2111-моддасига қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга пастайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини пасайтиришга ҳамда рақобатбардошликни янада ривожлантиришга кўмаклашади.

Мажлисда парламент қуйи палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

2 612
ЎзА