ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Тиббиёт ходимлари кунига муносиб туҳфа

Тиббиёт ходимлари кунига муносиб туҳфа

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри Тараққиёт маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4-оилавий поликлиника мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Сирдарё вилояти ва Гулистон шаҳар ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш тизими раҳбар ва ходимлари, маҳалла фаоллари ва поликлиникада фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётгани таъкидланди.

photo_2019-11-09_11-25-00.jpg

Ушбу шифо масканининг республикамиз мустақилликка эришгандан буён ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланиб келинаётган “Тиббиёт ходимлари куни” касб байрами арафасида фойдаланишга топширилиши шаҳардаги 4 та маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи 14 минг 992 нафар аҳоли ҳамда шу поликлиникада фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари учун қурувчиларнинг муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Фахриддин Муродов бошчилигидаги “Насих – Азиз – Элшод” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилган мукаммал таъмирлаш, тиклаш, пардозлаш ва жиҳозлаш ишларига давлат бюджети ҳисобидан 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ сарфланди.

– Касб байрами арафасида қайтадан ишга туширилган поликлиникамизда энди аҳоли рўйхатини электрон тизимда рўйхатга олиш имконияти яратилди, – дейди Гулистон шаҳридаги 4-поликлиника мудираси Гулноза Аббасова. – Қисқа муддатда замонавий талабларга мос тиббий асбоб-ускуналар билан тўла жиҳозланган ва юқори сифатда қайта реконструкциядан чиқарилган тиббиёт масканимизда аҳоли ва шифокорлар учун барча зарур шароитлар яратилди. Табиийки бу поликлиникамизда фуқароларимизга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.

photo_2019-11-09_11-24-59.jpg

1 020
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА