Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 17:59 Чоп этиш версияси

Тиббий хизматдан аҳоли нега норози?

Бемор болани пойтахтимиздаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига қабул қилишмади. Нима учун?

Шошилинч тиббий ёрдам ҳақида сўз борганида биз, аввало, кафолатланган, сифатли ва тезкор тиббий ёрдамни тасаввур қиламиз. Бугун юртимизда ушбу соҳани ривожлантириш йўлида белгиланган вазифалар ва берилаётган имтиёзлар, соҳа учун ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар тизим мутахассислари олиб бораётган илмий изланишларнинг савиясини юксак даражада оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу каби саъй-ҳаракатлар шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.

Тез тиббий ёрдам хизматининг сифат ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳар бир мурожаатига амалий ёрдам билан жавоб қайтариш, энг муҳими, халқимизнинг ушбу тизим фаолиятидан рози бўлишига эришишга хизмат қилади.

Ислоҳотлардан аҳоли жуда кўп нарса кутаётгани маълум. Аҳвол яхшиланишидан умидвор. Аммо тиббиёт масканлари аҳолига ҳақиқатда тезкор ёрдам кўрсата олаяптими?

ЎзАга йўлланган мактубда аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тугул, уни қабул қилишмагани баён этилган.

"Шанба куни кечга яқин ўғлимнинг боши ёрилди. Яхшигина чуқурча ҳосил бўлган. Амаллаб қонни тўхтатдик ва пойтахтимиздаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб бордик (16-сонли шифохона). Тизимдаги сўнгги ислоҳотлардан кейин ўзгаришлар борлигига умид бор эди. Қайда, чучварани яна хом санабмиз. Жон талвасасида кириб борганимиз билан биров "кимсан" демади. Аксига олиб, болалар хирургияси бўлими "мойка" туфайли вақтинча ёпиқ экан".

Бизга мактуб йўллаган фуқаронинг ёзишича, аввал ҳам ушбу марказга иши тушган. Аммо ўшанда ҳам бу ердаги совуққон муносабат, касбга нисбатан масъулиятсизлик билан ёндашув, эшикдан киришда мингта саволлар билан вақтни олиш каби ҳолатлар бўлган.

Ҳеч ким шифохонага ўйнагани бормайди, аслида. Инсон оғриқ безовта қилса, ёхуд саломатлигидан хавотирлансагина шифокор ҳузурига боради.

Фуқаронинг айтишича, унинг: Хўп, энди нима қилиш керак, – деган саволига:

Ўша ерда ишлайдиган мутахассислар хотиржамгина:

– ТТЗдаги нейрохирургия марказига бориш керак, деб жавоб беришган.

Тасаввур қилинг, боланинг бошида сантиметрли чуқурча бўлса, қон бирда кетиб, бирда тўхтаб турган бўлса, оқ халатли "нажоткорлар" эса пинагини ҳам бузгиси келмаяпти.

Мурожаат қилган юртдошимиз айтилган жойга ўз автоуловида бориб фарзандини шифокорга кўрсатган. Аммо, агар бироз имкони йўқроқ оила шундай аҳволга тушса додини кимга айтади?

Тиббиёт муассасаларида "мойка" деб аталадиган атама таъмирлаш билан боғлиқ экани маълум. Бу тушунарли. Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш билан боғлиқ масала бу. Аммо ҳеч бўлмаса битта мутахассиснинг мана шундай шошилинч вазиятларда фуқароларга ёрдам бериши учун кичикроқ хона ажратишнинг иложи йўқми?

Шошилинч ёрдамга муҳтож бўлган инсонга зарур пайтда тез ёрдам кўрсатилмас экан, унда муассасага "Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази" деган ном нега керак?

Бу мурожаатдан кейин ушбу шифохона билан боғланишга уриниб кўрдик. Уларга оддий фуқаро сифатида берган саволларимизга мазкур бўлим бир ой муддатга ёпилганини маълум қилишди. Ўзимизни журналист сифатида таништирганимиздан сўнг, «мойка» атиги 15 кун бўлади деган икки хил жавобни олдик.

Хулоса сиздан...

Барно Мелиқулова, ЎзА