Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 14:38 Чоп этиш версияси

Тиббий хизматда малакали кадрларнинг ўрни

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, юртимизнинг барча ҳудудларида аҳолининг замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувида тизимда эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида арзон ва сифатли дори-дармон ишлаб чиқаришни кенгайтириш, бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатишни такомиллаштириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали мутахассислар билан таъминлаш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу юртдошларимизнинг замонавий тиббий хизматдан кенг фойдаланиши ва саломатлигини мустаҳкамлашда юксак самаралар бераётир.

Жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилояти тиббиёт-профилактика муассасаларига 50 дан ортиқ шифокор ишга қабул қилинган. Шундай бўлса-да, тез тиббий ёрдам ва умумий амалиёт шифокорлари, шунингдек, эпидемиолог, лаборант, педиатр, терапевт, жарроҳ, онколог, реаниматолог-анестезиолог каби мутахассисларга эҳтиёж катта. Бу масалани ҳал этиш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Йилнинг дастлабки 3 ойида Термиз шаҳри ва туманлардаги даволаш-профилактика муассасаларининг 200 га яқин шифокори Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида малака оширди. Айни пайтда кўплаб шифокорлар даволашнинг янги усулларини қунт билан ўрганмоқда.

– Юртимиздаги тиббиёт институтларида таълим олаётган талабалар ўрганилганда, бу йил 100 дан ортиқ ёш мутахассис вилоятга ишга келиши маълум бўлди, – дейди Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А.Норқобилов. – Албатта, бу даволаш-профилактика муассасаларидаги талабга нисбатан жуда кам. Шу боис шифокорларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини юксалтириш мақсадида уларни қайта тайёргарликдан ўтказиб, тор мутахассисликларга бўлган эҳтиёж қисман қопланмоқда. Умумий амалиёт шифокори мутахассислиги бўйича 10 ойлик ўқув курсларида ўқитиш йўлга қўйилди. Муассасаларни замонавий даволаш-диагностика ускуналари билан тўлиқ жиҳозлаш ва уларни ишлатадиган мутахассисларнинг соҳа сирларини пухта ўзлаштиришига эътибор кучайтирилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 196






Все о погоде - Pogoda.uz