Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 21:00 Чоп этиш версияси

Тиббий-ижтимоий ёрдам самараси

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам самараларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа давлат ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси ўринбосари Н.Мўминов ва бошқалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалашда тиббий-ижтимоий патронаж хизмати муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида бу борада белгиланган муҳим вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорлиги катта роль ўйнайди.

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Аёллар саломатлигини асраш, кам таъминланган оилаларнинг бемор болаларини соғломлаштириш, она-бола скрининг хизматини ривожлантириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларда яшовчи аҳолига тиббий-ижтимоий кўмак кўрсатишга оид тадбирлар бунга мисолдир.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси билан ҳамкорликдаги ана шундай чора-тадбирлар натижасида 2016 йилда ва 2017 йилнинг ўтган даврида саксондан кўпроқ юрак хасталиги бор бемор бола соғломлаштирилди. Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликдаги лойиҳа доирасида аёллар ўртасида скрининг ўтказилмоқда.

Аҳоли ўртасида тиббий-ижтимоий патронаж тадбирларини замонавий андозалар асосида ташкил этишда «Соғлом авлод учун» фондининг жойлардаги тиббий-ижтимоий бригадаларининг хизмати катта. Замонавий амбуланс машиналар билан таъминланган мазкур бригадалар таркибида терапевт, акушер-гинеколог, педиатр, ультратовуш таҳлил шифокори, тиббий-ижтимоий ходим, ҳамшира фаолият кўрсатмоқда. Ушбу жамоа жорий йилнинг ўтган даврида бир ярим мингга яқин олис қишлоқ ва маҳаллага ташриф буюриб, етти мингдан кўпроқ оиланинг ижтимоий шароити, хонадонидаги психологик муҳитни ва болалари саломатлиги ҳолатини ўрганди. Бу жараёнда юз мингга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

Матбуот анжуманида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фондининг тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда амалга ошираётган тиббий-ижтимоий лойиҳалари, аҳоли ўртасида тиббий-ижтимоий патронаж ёрдамини ташкил этиш самараларига оид маърузалар тингланди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
899






Все о погоде - Pogoda.uz