ЎзА Ўзбек

27.05.2016 18:09 Чоп этиш версияси

Тиббий-генетика хизмати ривожланмоқда

Пойтахтимизда туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олишда замонавий технологияларнинг ўрнига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар иштирок этди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова, Республика “Она ва бола скрининг” маркази директори М.Шарипова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий скрининг хизматини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар оналик ва болаликни муҳофазалаш, соғлом фарзандларни вояга етказишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Тиббий-генетика хизматининг ривожланиши жамият тараққиётига жиддий таъсир кўрсатадиган долзарб муаммо – туғма ва ирсий омиллар ҳамда касалликлар туфайли келиб чиқадиган ногиронликнинг олдини олишда катта аҳамият касб этмоқда. Илм-фаннинг ушбу ютуғидан мамлакатимиз тиббиётида ҳам самарали фойдаланилмоқда.

Республика скрининг маркази ва унинг вилоят бўлимларида бу йўналишда илғор усуллар жорий этилган. Мазкур муассасаларда чақалоқлар неонатал, ҳомиладор аёллар пренатал скрининг текширувидан ўтказилади. Она-бола скрининг хизматига тандеммасспектрометрия услубининг кириб келиши тиббий кўрикларни янада такомиллаштириш, касалликларга тез ва аниқ ташхис қўйиш имкониятини оширди.
Соғлом она ва бола йилида аҳолига тиббий-генетика хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳада фаолият юритаётган шифокорлар малакасини ошириш, жаҳон тиббиётининг илғор услубларидан амалиётда фойдаланиш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Анжуманда тиббий-генетика хизматининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, она ва бола скрининг хизматида қўлланилаётган янги технологияларга оид маърузалар тингланди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
34 677