Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 12:51 Чоп этиш версияси

Ўтганларни хотирлаш қабристонларни обод қилишдан бошланади

Тошкент вилоятида ҳам маҳалла, кўча ва хиёбонлар қатори қабристонларни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудуддаги 954 қабристон ва 19 зиёратгоҳда олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари бунинг ёрқин далилидир.

Вилоятда ушбу ишларга 160 мингдан зиёд аҳоли жалб қилиниб, қабристонларнинг ички йўлак ва деворлари атрофига қарийб 49 минг 900 туп манзарали дарахт кўчатлари экилди. Қаровсиз қолган қабрлар қайта сувоқ қилиниб, ўралмаган қабристонлар атрофига девор кўтарилди.

"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш учун ягона намунавий қабристон йўриқномаси ишлаб чиқилди. Бу бўйича маҳаллалар, ободонлаштириш бошқармалари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

– Тумандаги 74 қабристоннинг йил давомида озодалигини сақлаш учун 114 нафар ходим бириктирилди, – дейди Оҳангарон тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Р.Жумақулов. – Ўтган йили “Чинор”, “Қурама”, “Тўрткўл бобо”, “Пастки Ёнариқ”, “Қорахитой”, “Сарижайлоқ”, “Бўстон”, “Ўзар” ва “Оқтепа” қабристонларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бунга маҳаллий бюджетдан 33 миллион сўм маблағ ажратилди. Қабристонлар ҳар доим зиёратчилар учун очиқ бўлиши, тозаликни сақлаш доимий назорат қилиб борилади. Ишчиларимиз турли гул ва манзарали дарахт кўчатлари экиш, мавжуд дарахтларни оқлаш ва шакл бериш, маҳалла фаоллари билан ҳамкорлик ва шу каби турли вазифаларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар давомида жойларда қабристонларни ободонлаштириш борасидаги камчиликлар бартараф этилаётир. Жумладан, айрим қабристонлар ҳудуди девор билан ўралмоқда. Ободонлаштириш ишлари ва хайрия ҳашарларига аҳоли фаол жалб этилиб, қабристонлар ҳудудларида турли хас, барг, шох-шаббаларни ёқиш ҳолатларининг олди олинаётир.

– Ҳар бир инсон бу дунёда яшар экан, ўзидан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилади, – дейди Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов. – Яхши номга эса, албатта, савобли ишлар билан эришилади. Ана шундай эзгу ишлардан бири ота-боболаримиз хоки қўйилган қабристонларни обод қилишдир. Қабристонни зиёрат қилиш, уни ободонлаштириш, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Аҳоли баҳор фаслини ғанимат билиб, тозалик ва ободонлаштириш ишларига ўзларининг холис ҳиссасини қўшиши мақсадга мувофиқдир.

Вилоятда муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжид ва қабристонларни ободонлаштириш, бу масканларда халқимизнинг зиёрат қилиши, фуқароларнинг диний эътиқод эркинлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш борасидаги ишлар тизимли ташкил этилмоқда. Масалан, Қуйи Чирчиқ туманидаги анчадан буён таъмирталаб бўлиб қолган "Олмазор" жоме масжидида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан ушбу масжидга зарур жиҳозлар олиб берилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
5 171