ЎзА Ўзбек

07.05.2018 12:50 Чоп этиш версияси

Ўтганлар хотираси мангу, кексалар эъзоз-эътиборда

Ўтганлар хотираси мангу, кексалар эъзоз-эътиборда
9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари 9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мустақиллик йилларида Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган ўғлонлар хонадонида бўлиб, уларнинг порлоқ хотирасини ёдга олмоқда. Самарали ва фидокорона меҳнати билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийларига совға-саломлар топширилиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

– Ўтганларни хотирлаш, уларнинг оила-аъзоларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, кексаларни эъзозлаш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос юксак фазилат, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходими, капитан Ф.Тошбоев. – Шу кунларда ички ишлар идораларида хизмат қилиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши мардона курашган, юртимиз тинчлиги учун жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган ходимлар хонадонларига бориб, уларнинг оила аъзолари, фарзандлари ҳолидан хабар олинмоқда, совғалар топширилаётир. Масалан, марҳум катта лейтенантлар Ш.Айтуганов, Ш.Дониёров, М.Амонов, кичик лейтенант А.Сафаров, сафдор С.Бекмуродов, Х.Рўзибоев, А.Турсунов каби мард офицер ва сержантлар хонадонида шундай тадбирлар ўтказилди. Ички ишлар органлари фахрийлари билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурилмоқда.

4.jpg

Вилоятда байрамлар арафасида матбуот фахрийлари хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, устозларга совға-саломлар топшириш ҳам ажойиб анъанага айланган. Шу кунларда вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, турли таҳририятлар томонидан узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган ёки ногирон бўлиб қолган журналистлар хонадонларига байрам шукуҳи улашилаётгани эътиборга сазовордир.

5.jpg

– Умримнинг кучга тўлган даврини шу соҳага бағишладим, – дейди Қумқўрғон тумани Сурхон соҳили маҳалласида яшаётган фахрий журналист Н.Қурбонов. – Қирқ бир йил меҳнат қилиб, халқимизнинг фидокорона меҳнати, юртимизда эришилаётган ютуқлар ҳақида муттасил ёздим. 25 йил “Қумқўрғон садоси” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишладим. Нимасини айтасиз, у дамларда ҳозиргидек эътибор ҳам, рағбат ҳам йўқ эди. Бугун соҳа ходимлари учун яратилаётган шароиту имкониятларга ҳавасим келади. Мана, ҳозир ҳам турли идоралар раҳбарлари хонадонимизга келиб, хол-аҳвол сўраганидан кўнглим, Ҳисор тоғларидек кўкларга бўй чўзди. Шундай кезларда ёшинг ўтиб қолгани, шаҳару қишлоқларимизда одамлар фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган беқиёс ишлар ҳақида ёзолмаётганинг армон бўлади-да. Яратганга шукр, юртимиз тинч, турмушимиз кундан-кун обод бўлиб бормоқда. Кекса авлод вакиллари эса, алоҳида эъзозу эътиборда. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз.

7.jpg

Вилоятда миллий қадриятларимиз кенг намоён этилаётган бундай тадбирлар давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
7 207