ЎзА Ўзбек

08.01.2018 15:01 Чоп этиш версияси

Ўтган йили Наманганда фирибгарлик бўйича 689 жиноий иш кўрилди

Наманганда фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳамда фирибгарлик жиноятининг олдини олиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда жиноят ишлари бўйича судьялар, вилоят прокуратураси ва ички ишлар органлари терговчилари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят, шаҳар, туман кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.

2017 йил 15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида вазифалар ижросига берилган танқидий баҳо, унинг сабаблари ва йўл қўйилган камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Бу мамлакатимизда фирибгарлик жиноятининг ўсиш тенденциясида ҳам ўз ифодасини топмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси А.Тўхташев. – Масалан, 2014 йилда фирибгарлик жинояти билан боғлиқ 3 минг 752 иш кўрилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 9 мингдан ошиб кетган. Бугунги давр суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, одил судлов тизими, адолат устуворлигини таъминлаш, соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар билан бирга, бу борада жамоатчилик кучига таяниш, халқимиз маънавиятини янада юксалтиришни тақозо этмоқда.

Семинарда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилишга оид жиноятлар ортиб бораётгани қайд этилиб, Олий суд Пленумининг фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарори асосида шу тоифадаги жиноий қилмишларни тўғри квалификация қилиш, қонун талабларини тўғри қўллаш ва ягона суд амалиётини шакллантиришга эришиш борасидаги вазифалар бўйича атрофлича тушунчалар берилди.

– Вилоятда жорий йилда 800 дан зиёд фирибгарлик жинояти содир этилган ва 689 таси бўйича жиноий иш кўрилган, – дейди Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Н.Бобохонова. – Пленум қарорида судларга нафақат фирибгарлик жиноятини тўғри ва асосли квалификация қилиш, балки Жиноят кодекси таъсири доирасига тушган шахсларни одатдаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан фарқини аниқлашга оид тушунчалар берилгани билан ҳам муҳимдир. Жумладан, қонун талабларига мувофиқ тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича фирибгарлик жинояти белгилари мавжуд бўлмаган барча ҳолатларда низо фуқаролик ёки иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгилаб қўйилгани одил судловни амалга оширишга хизмат қилади.

– Наманган шаҳрининг ўзида 19 маҳаллада фирибгарлик жинояти ортгани ташвишланарлидир, – дейди "Саноат" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Садриддинов. – Жиноят ишлари маҳаллаларда кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилаётгани, сайёр судлар яхши самара бераяпти. Ҳам ҳуқуқий тарғибот, ҳам профилактика, ҳам судлов тизими шаффофлигига хизмат қиладиган бундай чора-тадбирлар изчил такомиллаштириб борилаверади.

Семинар иштирокчиларига фирибгарлик жиноятининг иқтисодиёт соҳасидаги қатор жиноятлар, жумладан, ўзганинг мулкини талон-тарож қилишнинг бошқа шаклларидан фарқли жиҳатлари хусусида батафсил тушунча берилди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
11 135