ЎзА Ўзбек

10.07.2018 19:14 Чоп этиш версияси

Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда йўл-транспорт ходисаси 37 тага кўпайган

Юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳар шанба куни йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича қўшма рейдлар, турли тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳайдовчилар ҳушёрлигини янада ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилиб, камчиликларни бартараф этиш устида мунтазам иш олиб борилмоқда.

Хўш, бу ишлар қандай самара бермоқда?

Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамай йўл қоидаларини бузиш ҳолатлари ошганини кузатиш мумкин. Жумладан, ўтган ҳафта мамлакатимиз автомобиль йўлларида жами 181 йўл-транспорт ходисаси юз берган ва ундан аввалги ҳафта натижасига кўра 37 тага кўпайган. Натижада тан жароҳати олган фуқаролар сони ҳам 32 тага ортиб, 164 тани ташкил этган.

Ўтган ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 75 минг 999 қоидабузарлик аниқланган бўлиб, уларнинг 34 минг 645 таси қўпол равишда содир этилган. Жумладан, 11 минг 207 ҳайдовчи белгиланган тезлик талабини бузган, 744 ҳолатда эса светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасига амал қилинмаган. 150 ҳайдовчи темир йўл кесишмаларидан ўтишда қоидани бузганлиги учун тўхтатилган ва уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойнанинг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисида тушунтиришлар берилмоқда. Шунга қарамай ўтган ҳафтада транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган 498 ҳайдовчига чора кўрилган.

– Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳақидаги доимий тушунтиришлар натижасида баъзи турдаги қоидабузарликлар камаяётгани ижобий ҳолдир, – дейди Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов. – Масалан, ўтган ҳафтада ҳаракат вақтида 623 ҳайдовчининг телефондан фойдаланиш ҳолати кузатилган эди. Бу аввалги ҳафта натижасига кўра 295 тага кам. Ўтган ҳафта маст ҳолда 1 минг 249 ҳайдовчининг транспорт воситасини бошқаргани кузатилди ва аввалги ҳафтага нисбатан 46 тага камайди.

Мамлакатимизда доимий равишда ўтказилаётган ҳаракат хавфсизлиги тадбирлари доирасида жамоат ташкилотлари, ёзги оромгоҳлар, корхона ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинларида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш, йўл-транспорт ходисаларининг олдини олиш борасида профилактика тадбирлари ўтказилиб, қоидабузарлик ҳолатлари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинмоқда. 

Даврон Суннатов, ЎзА
8 531