ЎзА Ўзбек

20.08.2018 21:30 Чоп этиш версияси

Прокуратура ходимларига пора таклиф қилганлар

Прокуратура ходимларига пора таклиф қилганлар
Улардан 2 марта – бевосита прокуратура бўлинмаларига, 3 ҳолатда – Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти ходимларига, яъни 17 ҳолатда – Мажбурий ижро бюроси вакилларига таклиф қилинган. 

Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш – жамиятимиздаги устувор вазифалардан бири. Ана шундай салбий иллатлардан бири, шубҳасиз, порахўрликдир. 

Биласиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, “пора олиш” билан бирга, “пора бериш” ҳолати бўйича ҳам тегишли жазо тайинланган. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тайёрланган навбатдаги шарҳ шу ҳақда.

“Порахўр, порахўр” деймиз-у, аслида калтакнинг иккинчи томони ҳам борлигини унутиб қўямиз. Ўша томонни маҳкам тутганлар “берган Худога ёқибди”, дейилмиш нақлни ўзига байроқ қилиб олган шекилли. Порахўр деганининг ҳам “думчасини сув олдирган”, “ширинкома” билан рағбатлантириб, бу балога бамисли нашаванддек ўргатиб қўйган ҳам аслида пора тутқазгувчи бўлади. Кейин эса “ўрганган кўнгилнинг ўртанишидан” безиб, дунёга жар соламиз. 




Бу гапларни қўлимизда аниқ ҳолат борлиги учун гапиряпмиз. Энг катта миқдор қайд этилганидан бошласак ҳам, хийла камтарроғидан бошласак ҳам – шу гап. Ўзингиздан қолар гап йўқ – жиноятнинг, жиноятчининг энг катта “наҳанглари” ҳам чавағдеклигидан бошланади: “Гадой бир эшикдан ўтгунча ийманаркан...”. 

Эътибор қилинг, 2018 йилнинг 6 ойи давомида прокуратура органлари ходимларига пора таклиф қилган 22 шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Улардан 2 марта – бевосита прокуратура бўлинмаларига, 3 ҳолатда – Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти ходимларига, яъни 17 ҳолатда – Мажбурий ижро бюроси вакилларига таклиф қилинган. Яна денг, бу пораларнинг бошқаларга эмас, айнан қонун ҳимоячиларига “аталган”ини айтмайсизми...

Энди аниқ мисолларга ўтамиз. Шу йилнинг 11 июнида Тошкент вилояти Ўртачирчик тумани Тутзор маҳалласида яшовчи Алимардон Халқулов Департаментнинг Миробод тумани бўлими инспектори Марс Султоновга 500 АҚШ доллари беришни таклиф қилади. Пора беришдан кўзланган муддаони эшитсангиз, ёқа ушлашингиз тайин. Миробод туман Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг санитария врачи бўлмиш Д.Айматов “Миробод деҳқон бозори” акциядорлик жамиятига қарашли Фарғона шаҳобчасида рухсат берилмаган жойда, гигиена қоидаларига зид равишда фаолият кўрсатаётганлигини важ қилиб, бир юртдошидан пора олган, ўтказилган тезкор тадбирда у ашёвий далиллар билан қўлга тушган. 500 долларлик пора эса – айнан ўзи пора билан қўлга тушган Айматовнинг айбини енгиллатиш учун таклиф қилинганди. Бир жиноят иккинчисини бошлаб келган, бошқача айтганда, порахўр ўртага одам суқиб, пора бермоқчи...

Департамент ходимлари Қўқон шаҳар ветеринария бўлимида текширув ўтказадилар ва у ерда кўплаб қонун бузилиши ҳолатлари аниқланади. Бундан саросимага тушган бўлим раҳбари Икромжон Эсанбоев камчиликларини яшириш учун департамент ходимларига пора таклиф қилади. Жорий йилнинг 23 июнь куни департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими биносида Икромжон Эсанбоев 1 миллион сўм пулни пора тариқасида бераётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинди. Уни айблаш учун ҳам 211-модда нақд бўлди...

Водийдан яна бир мисол. Шу йилнинг апрель ойида “Наманган дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг молиявий хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган ҳужжатли тафтишда корхонадаги қурилиш ва таъмир ишларида қатор қаллобликлар аниқланади. Очиқроқ айтганда, акциядорлик жамиятида умумий миқдори 12,2 млн. сўмлик бажарилмаган қурилиш ишлари “бажарилди”, дея қўшиб ёзилган ва тайинки, бу молиявий фириб текширувчилар назарига тушган. Қурилиш-таъмир ишлари эса Намангандаги “Ҳамкор агроқурилишсервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган эди. Текширув натижасида етказилган 12,2 млн. сўмлик зарар – нақд пул шаклида, қуртдек қилиб тўлаш сўралган. Шунда, қурилиш корхонаси раҳбари Эргаш Мамажонов жиноий жавобгарликка тортмаслик ҳамда жиноят ишининг унга нисбатан бўлган қисмини тугатиб, судга чиқармаслик эвазига 300 АҚШ долларни пора тариқасида беришни таклиф қилади. Талвасага тушган пора бергувчи жиноят устида – пулни терговчи Х.Умрзоқовнинг хизмат столи устидаги китобга солиб қўйган вақтда ушланди. 

Эндиги ҳолат Мажбурий ижро бюроси ходимига берилмоқчи бўлган пора ҳақида. Қашқадарё вилояти Ғузор туманида Совлиғар қишлоғида яшовчи Тоштемир Рустамов ўғлининг уйида электр энергия тармоғига ноқонуний уланиб фойдаланаётганлиги юзасидан тузилган далолатнома бўйича белгиланадиган маъмурий жарима миқдорини камайтириб бериш эвазига Бюронинг туман бўлими суриштирувчиси Жаҳонгир Нафасовга бир ярим миллион сўм пора таклиф этади. Бу ҳолатда ҳам пора бергувчининг жинояти расмийлаштирилади ва ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғалади.

Ҳурматли юртдошлар, ҳуқуқимиз билан бирга, бурчимизни ҳам ёддан чиқармайлик. Ўз қўлимиз билан жамият равнақига раҳна солувчи коррупция дея аталмиш балога йўл очмайлик. Унутманг, қонунчилигимизда пора олувчига ҳам, уни берувчига ҳам жазо муқаррардир!

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

ЎзА
27 684