ЎзА Ўзбек

03.08.2018 15:13 Чоп этиш версияси

Тест жараёнларини тасвирга олаётган камералар барқарор ишламоқда

Тест жараёнларини тасвирга олаётган камералар барқарор ишламоқда
Фарғона вилоятида ҳам олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари адолатли, шаффоф ҳамда юқори савияда бўлиб ўтмоқда.

Тест синовларини ўтказишда қатор янгиликлар жорий этилгани барчани чексиз қувонтирмоқда.

Тест синовларида вилоятдаги 6 олий таълим муассасаларининг абитуриентлари Давлат тест маркази тақсимлаган жадвали асосида таълим йўналишлари кесимида иштирок этмоқда. Абитуриентлар учун тест синовлари ўтказиладиган барча бинолар махсус совитгичлар билан жиҳозланди ҳамда зарур шароитлар яратилди. Шунингдек, биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилган.

Тест синовлари ўтадиган биноларга яқин ҳудудларда абитуриентларнинг ота-оналарига махсус жойлар ташкил этилган бўлиб, уларга тўғридан-тўғри жараённи кузатиб боришлари учун 5 та катта ҳажмдаги мониторлар ўрнатилган. Айрим ижтимоий тармоқларда баъзи бир биноларда кузатув камераларининг ишламай қолгани ҳақидаги эътирозлар ҳам пайдо бўлди. Мутасаддилар, ота-оналарнинг таъкидлашича, вилоятда бундай ҳолат умуман кузатилгани йўқ. Барча кузатув камералари барқарор ишламоқда. Вилоятда тест жараёнларини кузатиш учун жамоатчилик назорати гуруҳи ҳам фаолият кўрсатмоқда.

– Набирам Қобилбек Олимжонов электро энергетика йўналишида ўқиш ниятида. Унинг тестларни аниқ ва тўғри ечишини сўраб, дуо қилиб ўтирибман, – дейди ёзёвонлик онахон Мўътабар Ниёзова. – Данагидан мағзи ширин, деганларидек ота-онасидан кўра мен кўпроқ ҳаяжондаман.

Барча биноларда тест жараёнини адолатли, қатъий тартиб асосида ўтказишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Кеча бўлиб ўтган тест синовларида 8 нафар абитуриент бино ичида қоидани бузгани учун четлаштирилди.

Масъуджон Сулаймонов, ЎзА
8 343