ЎзА Ўзбек

05.08.2018 01:18 Чоп этиш версияси

Тест синовларининг тўртинчи куни: Қоидабузарлар сони камаймоқда.

Тест синовларининг тўртинчи куни: Қоидабузарлар сони камаймоқда. Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг тўртинчи куни яъни 4 августда 15 та олий таълим муассасаларининг 80 та таълим йўналишида 56 минг 949 нафар абитуриент иштирок этди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг Фейсбукдаги саҳифасида маълумот берилган. Унда қайд этилишича, турли сабабларга кўра 1221 нафар абитуриент тест синовларига келмади.
Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 194 нафар абитуриент, шундан 107 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 87 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.
Айтиб ўтиш жоизки, қоидабузарликлар сони кун сайин камаймоқда. 3 август куни Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 272 нафар абитуриент синовлардан четлаштирилганди.
Тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.
Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.
Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кечаси 1:00да етиб келди.
Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланди.
Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.

4 август тест натижалари 5 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

9 243