Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

04.08.2018 01:48 Чоп этиш версияси

Тест синовларида иштирок этмаган абитуриентлар сони 3778 кишига етди​, четлатилганлар сони эса мингдан ортиқ

Тест синовларининг учинчи кунида республикадаги 17 та олий таълим муассасаларида тест жараёнлари ўтказилган. Бу ҳақида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, синовларда 89 та таълим йўналишида 58 минг 533 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 1166 нафар абитуриент тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 272 нафар абитуриент, шундан 109 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 163 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Шу тариқа уч кун ичида (1 август-1393 нафар, 2 август-1219 нафар, 3 август – 1166 нафар) тест синовларида иштирок этмаган абитуриентлар сони 3778 кишига етди. Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли четлаштирилганлар сони эса 3 кунда (1 август- 255 нафар, 2 август-486 нафар, 3 август – 272 нафар) 1013 кишини ташкил этди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кечаси 1:00да етиб келди.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланган.

3 август тест натижалари 4 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Республикада тест синовлари 15 августга қадар давом этади. Бу йил 60 та олий таълим муассасаси ва унинг 19 та филиалига 675 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган. 3 августга қадар улардан 175 720 нафари синовларда иштирок этган.

Н. Тошпўлатова, ЎзА