ЎзА Ўзбек

31.07.2018 19:51 Чоп этиш версияси

Тест имтиҳонлари жараёни барчанинг назоратида бўлади

Тест имтиҳонлари жараёни барчанинг назоратида бўлади
Ўзбекистонда 1 августда старт оладиган олий таълим муассасаларига кириш учун қабул имтиҳонлари жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда, имтиҳонларнинг очиқ ва ошкора ўтказилишида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги техник ҳамкорлик қилмоқда.

Вазирлик расмий сайтидаги маълумотга кўра, «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида "Ўзбектелеком" АК томонидан тест имтиҳонлари ўтказиладиган барча объектларга оптик толали алоқа тармоқлари тортилиб, барча тегишли бинолар юқори тезликдаги маълумотлар узатиш тизимларига уланди.

Имтиҳонлар бўлиб ўтадиган бино ва объектларни тўлиқ қамраб олиш мақсадида, 1400 дона видеокузатув камералари ўрнатилди. Камераларнинг айланма ҳаракатини таъминлаш учун 29 та махсус пулт бошқаруви жорий қилинди. Шунингдек, маълумотларни сақлаш учун 1800 террабайт ҳажмдаги махсус сервер ишга туширилди.

Имтиҳонга кириш жараёнида ҳар бир абитуриент шахси маълумотлар базасининг марказий серверига уланган, қиёфани аниқлайдиган махсус камера орқали текширувдан ўтказилади. Имтиҳонлар ўтказилаётган объектлар яқинидаги махсус кутиш ҳудудларида ота-оналар, абитуриентларнинг яқинлари учун йирик экранлар ўрнатилади. Уларда имтиҳон жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, Интернет тармоғининг www.test2018.uz манзилида ташкил қилинган махсус ресурс орқали юртдошларимиз барча объектлардаги имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиш имконига эга бўлади.

Қабул имтиҳонлари жараёнида янада очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида, UZDIGITAL TV телеканаллар тармоғи орқали имтиҳонларни жонли эфирда кўриш учун техник имконият ҳам яратиб берилади.

Юқорида қайд этилган барча техник воситалар мамлакатимиз миқёсида ташкил этилаётган тест имтиҳонларини холис, очиқ ҳамда адолатли ўтказилишига хизмат қилади.

ЎзА
8 406