ЎзА Ўзбек

14.08.2018 22:14 Чоп этиш версияси

Тест-2018: Энг юқори ўтиш бали бу йил ҳам Тошкент давлат юридик университетида қайд этилди

Таълим йўналишлари бўйича энг юқори ўтиш бали – давлат гранти бўйича 223,5 баллни ташкил этди ва бу кўрсаткич «Юриспруденция» (рус) таълим йўналишида қайд этилди. Тўлов-контракт бўйича эса 176,7 балл бўлиб, бу кўрсаткич ҳам «Юриспруденция» (ўзбек) таълим йўналишига тўғри келади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов томонидан фейсбукда эълон қилинган якуний натижалар шундан далолат беради.

Олий таълим муассасалари бўйича энг юқори ўтиш бали – давлат гранти бўйича 223,5 балл, тўлов-контракт бўйича 176,7 баллни ташкил этди. Ҳар икки кўсаткич ҳам Тошкент давлат юридик университетида қайд этилди. 

Республика бўйича ўртача ўтиш бали – давлат гранти бўйича 123,0 балл, тўлов-контракт бўйича 101,9 балл бўлди.

Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида қўлланилган бу йилги тизим кейинги йилларда ҳам ҳар томонлама билимли, иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига кириб таълим олишларида такомиллаштирилган ҳолда жорий этилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида илк маротаба:

биринчидан, шахсни идентификациялаш қурилмалари ҳамда кузатув камералари ёрдамида катта сиғимли 57 та биноларда 2 сменада ўтказилди;

иккинчидан, тест синовлари "UzdigitalTV" ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди;

учинчидан, абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда жойлар ташкил қилинган ҳолда тест синовлари ўтадиган ҳудудда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.

Бундан ташқари, Ички ишлар тизимидан 4963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди, дейилади Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълумотида. 


5 968