ЎзА Ўзбек

29.06.2020 Чоп этиш версияси

Тешиктошдаги неандертал одам ҳақида эшитганмисиз?

Тешиктошдаги неандертал одам ҳақида эшитганмисиз?
Юртимизда Сурхондарё вилоятидаги Мачай ва Тешиктош ғорлари ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак. Ўтмишдаги аждодларимизнинг турмуш тарзи сақланиб қолган бу ғорлар гўзал табиат манзараларига бой ҳудудда жойлашгани билан ҳам хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар ҳайратини янада ошириб, ибтидоий даврдаги одамлар ҳаёти билан яқиндан танишишга кўмаклашади.

Бойсун туманидаги Мачай ғори милоддан аввалги 12-6 минг йилликларга оид ибтидоий одамлар манзилroҳи. Ғорнинг баландлиги 3,5-4, узунлиги 8, кенглиги 10 метрга етади. Унинг устки қатлами мезолит, тепа қатлами сўнгги мезолит ва илк неолит даврига оид. Олимлар бу ердан мезолит даврига оид эркак ва аёл кишининг тана суякларини топган. Шунингдек, ғорда тош даври одамларининг турмуш тарзини акс эттирувчи ашёвий далиллар мавжудлиги ҳам фан олами учун катта янгилик бўлди. Топилмалар орасида 870 та тош, 15 ёввойи ва хонаки ҳайвон суякларидан ишланган кўплаб ов қуроллари, тош пичоқлар, болталар, дасталар, аррасимон қуроллар, бигизлар, ёйлар, найзалар, ўқ-ёй учлари борлиги Мачай ғорининг илм-фан оламидаги халқаро нуфузи жуда баланд эканидан далолат беради. Тадқиқотлар натижасида ғорда яшаган одамлар қўлбола ов қуроллари ёрдамида турли ҳайвонларни овлаб, терисини шилгани ва ўзлари учун кийимлар тиккани аниқланган.

Воҳанинг мўътадил иқлими, гўзал табиати, жанубий Ҳисор тоғ тизмаларида мавжуд ғор, мўнглик ва даралар ибтидоий давр одамлари учун қулай манзилгоҳ вазифасини ўтаган. Ана шундай гўшалардан бири Тешиктош ғори – мусте маданиятига мансуб неандертал одам маконидир. Бойсунтоғдаги Зовтолошсой дарасида денгиз сатхидан 1500-1600 метр баландликда жойлашган ғорнинг шипи тешик. Баландлиги 7, эни 20, чуқурлиги 21 метр келади. Саҳни кираверишига нисбатан юқорига кўтарилиб боради.

9 ёшли неандертал боланинг танаси ва бош суяклари қолдиғи топилган Тешиктош ғорининг аниқланиши жаҳон илм-фанида оламшумул муҳим кашфиёт саналади. Неандертал одамнинг тана суяклари атрофига тоғ эчкисининг шохлари тартиб билан терилиб, қизил рангли бўёқлар сепиб қўйилган. Тешиктош ғорини илмий тадқиқ этиш жараёнида 3 мингга яқин меҳнат қуроллари, шу жумладан тош пичоқлар, қирғичлар, ўткир учли пайконлар топилган.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги «Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарари хушманзара тоғ қўйнида жойлашган Мачай ва Тешиктош ғорларига яқин қишлоқларда туристларнинг тунаб қолиши учун қулай шароит яратиш юзасидан ҳам тегишли вазифаларни белгилаб берди.

– Мазкур ҳужжатга мувофиқ ҳудудда оилавий меҳмон уйлари барпо этиш, сўқмоқларда сайёҳларнинг дам олиши учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳларни ғорга олиб чиқишда от ва эшаклардан фойдаланишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда,–дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Х.Холниёзов.– Ўтган асрнинг 1938-39 йилларида илк марта рус олимлари ўрганган Тешиктош ва 70 йилларида маҳаллий олимларимиз кашф этган Мачай ғорлари инсониятнинг энг қадимий манзилгоҳларидан бири сифатида дунёга машҳур. Эндиликда гўзал тоғ қўйнига саёҳатга келиб, ғорларни томоша қилувчилар мириқиб ҳордиқ чиқариши учун ҳам барча шароитлар яратилмоқда. Бу ҳудудга туристлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлади.

Айни пайтда ғорларга яқин қишлоқларда оилавий меҳмон уйлари қурилиб, сайёҳлар учун турли хизматлар кўрсатиш ташкил этилмоқда. Жумладан, «Ўрта Мачай» маҳалласида яшайдиган Бунёд Бойтўраев ҳудудда биринчи бўлиб, "BOYSUN TESHIK TOSH" GUEST HOUSE оилавий меҳмон уйини давлат рўйхатидан ўтказди.

–Уйимиздан ғоргача 7-8 километр йўл босиш керак,– дейди тадбиркор Б.Бойтўраев.–Меҳмон уйимизда туристларнинг тунаб қолиши учун барча қулайликлар муҳайё этилган. Тешиктош ва Мачай ғорларига яқин ҳудуддаги сўқмоқларда саёҳатчиларнинг дам олиши учун ўтовлар ўрнатиб, миллий услубда жиҳозладик. Сойлар ва хушманзара боғларга саёҳатлар ташкил этиш режаларини ишлаб чиқдик. Туристлар ғорга бориб, қайтишда от ва эшаклардан ҳам фойдаланиши мумкин. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун махсус кузатувчиларимиз хизмат кўрсатади.

photo_2020-06-28_11-49-19.jpg

Тоғли Бойсун туманидаги машҳур Мачай ва Тешиктош ғорларига яқин қишлоқларда оилавий меҳмон уйлари барпо этиш, бу ерга келадиган туристлар учун турли хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича белгилаб олинган ишлар давом этмоқда.

25 420
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА