Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 10:50 Чоп этиш версияси

Терроризмга қарши кураш масалаларига бағишланган маърифий учрашувлар ўтказилмоқда

Терроризмга қарши кураш масалаларига бағишланган маърифий учрашувлар ўтказилмоқда
Фарғонадаги олий ўқув юртларида диний экстремизм ва халқаро терроризмга қарши кураш масалаларига бағишланган давра суҳбатлари, маърифий учрашувлар ўтказилмоқда.

Фарғона давлат университетида "Биз диний экстремизм ва терроризмга қаршимиз!" мавзуида ўтказилган тадбирда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, диний уламолар, олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

– Тинч-осойишта юртда яшаётганимиз катта бахт, – дейди Марғилон шаҳар “Худоёр ҳожи” масжиди имом-хатиби А.Аҳмадалиев. – Бугун "оммавий маданият" ниқоби остида кириб келаётган турли ёт ғоялар, қарашлар ва одатлар ёшларни чалғитмоқда. Бу вазиятда ёшларнинг нима тўғрию нима хато эканлигини англаб олишлари учун ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари муҳим аҳамият касб этаётир.

Тадбирда таълим муассасаларида ёшларни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларда юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш юзасидан олиб борилаётган ишлар, диний экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олиш, ақидапараст ғояларни фош этиш бўйича ишларни янада такомиллаштириш хусусида фикр юритилди. Бу борадаги ишларга ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчи экани таъкидланди.

Тадбирда “Тафаккур эҳтиёжи” фильми намойиш этилди. Ёшларнинг бундай ғаразли кучлардан доимо огоҳ бўлишлари учун билим ва юксак маънавиятни юксалтириш муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
4 366