ЎзА Ўзбек

20.09.2019 Чоп этиш версияси

Термизда ўзбошимчалик билан дарё қумидан фойдаланаётган фуқаро қўлга тушди

Термизда ўзбошимчалик билан дарё қумидан фойдаланаётган фуқаро қўлга тушди

Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари дарё ўзанидаги қум хом ашёсидан ноқонуний фойдаланаётган шахсни аниқлаб, тегишли чора кўрди.

Табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузилишларга қарши курашиш мақсадида ўтказилган тезкор рейд чоғида О.Шоназаров Сурхондарёсининг Термиз тумани Гулистон маҳалласи ҳудудидаги қисмида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган қонунбузилиш ҳолатини содир этаётгани аниқланди.

777777777777777777.jpg

– Мазкур кодекснинг 70-моддаси 1-қисмида фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш, фойдали қазилма конларини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда кон назорати органлари билан келишмай туриб, ишга солиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари ва тартибини, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги талабларини бузиш билан боғлиқ ҳаракатлар кўзда тутилган, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси М.Нурматов. – Шунингдек, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларини ва табиий муҳитни, бинолар ва иншоотларни ер ости бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш талабларини бажармаслик, ер ости сувлари режимини кузатиш учун қазилган қудуқларни, маркшейдерлик ва геологик белгиларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш, умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларини ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар томонидан бузиш каби қонунбузарликларга қўлланиладиган жазо тури белгиланган. Бу талабларни бузган фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима қўллаш кўрсатиб ўтилган. Вилоятда бундай қонунбузилишларга йўл қўяётган шахсларга тегишли чора кўрилмоқда.

О.Шоназаровнинг бу қилмиши табиат қўриқчилари томонидан расмийлаштирилиб, у дарёнинг ўзанини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузгани учун энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жаримага тортилди.

6 026
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири