ЎзА Ўзбек

09.07.2018 16:36 Чоп этиш версияси

Термизда замонавий “Биошохобча” иш бошлади

Термизда замонавий “Биошохобча” иш бошлади Термиз шаҳридаги Жайҳун маҳалласида “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамияти томонидан дастлабки чиқинди йиғиш маркази – “Биошохобча” фойдаланишга топширилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Bio Texno Eco” МЧЖга қарашли Ангор туманидаги маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводи қурилиши билан танишиб, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, маиший чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Ушбу топшириқлар асосида қисқа вақтда бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айни пайтда корхонада Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидаги маиший чиқиндилар тўпланиб, сараланмоқда. Бунинг учун чиқинди ташийдиган 90 дан ортиқ автотранспорт воситаси жалб этилган. Келгусида қайта ишланган шиша чиқиндисидан мозаика ва плиткалар, фойдаланилган пластмассадан полиэтилен қувурлар, ёғоч чиқиндисидан брикет, қоғоз чиқиндисидан картон ва қайта ишланган қоғоз, озиқ-овқат чиқиндисидан биогаз ва биогумис ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

4.jpg

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, турли юқумли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Термиз шаҳрида “Тоза шаҳар” шиори остида бунёд этилган “Биошохобча”да чиқиндиларни сараланган ҳолда қабул қилиш учун барча шароит яратилган. Шиша, қоғоз, пластик, озиқ-овқат, резина ва текстиль буюмлар чиқиндиларини қабул қиладиган алоҳида хоналар ташкил этилган. Сараланмаган чиқиндилар учун махсус хона, ихчам ювиниш хонаси ва бошқа қўшимча хоналар қурилган. Мижозлар шу ернинг ўзида кўрсатилган хизмат тўловларини ҳам амалга ошириши мумкин.

– Дунёнинг кўплаб давлатларида чиқиндилар нотўғри ташланган ёки теварак-атроф маиший чиқиндилар билан ифлослантирилганда жарима жазоси қўлланилади, – дейди корхона раҳбари И.Боқижонов. – Биз эса, аҳолининг экологик маданиятини оширишда уларни рағбатлантириш усулини қўлламоқчимиз. Масалан, янги барпо этилган чиқинди йиғиш марказига маиший чиқиндиларини саралаб олиб келган мижозлар учун акция ташкил этиб, совға беришни, бир ойлик ёки ундан ҳам кўпроқ муддат тўловлардан озод қилишни йўлга қўймоқчимиз. Бу аҳолида чиқиндиларни сараланган ҳолда махсус жойга топшириш кўникмасини мустаҳкамлаб, ишимиз самарадорлигини оширади. "Ишонч телефони" ҳам ишлаб турибди. Телеграмм мессенжирида “Биомулоқот” саҳифаси очилган. Фаол фуқароларнинг хабари асосида кўча-кўйга ташлаб кетилган чиқиндиларни зудлик билан йиғиб олишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу шаҳарни янада тоза-озода сақлашга хизмат қилади.

“Биошохобча” бир кеча-кундузда 6 минг 500 тонна маиший чиқиндини қабул қилиш қувватига эга. У маҳалладаги 970 хонадон, 12 умумий овқатланиш ва 21 маиший хизмат кўрсатиш нуқтасидаги чиқиндиларни тўплашга мўлжалланган. Тўрт киши меҳнат қиладиган янги иншоотга видеокузатув мосламалари ўрнатилган.

– Бу ерга қум, тупроқ, бетон, тош каби қурилиш чиқиндиларини ташлаш мумкин эмас, – дейди ички назорат бўлими ходими Ж.Ёрматов. – Видеокузатув мосламаси ёрдамида шундай жараёнларни кузатиб турамиз.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Термиз шаҳрида яна 20 та ана шундай чиқинди йиғиш маркази барпо этилади. Термиз ва Ангор туманларида ҳам замонавий “Биошохобча”лар қад ростлайди. Қурилиш чиқиндисини объектнинг ўзидан олиб кетиш учун махсус қоплар тарқатиш жорий этилади.

– Тозалик, озодалик бор жойда қут-барака бўлади, фарзандлар соғлом камолга етади, – дейди Жайҳун маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси У.Назарова. – Кўп қаватли уйда яшаймиз. Илгари бу ерда чиқиндилар бир неча кун тўпланиб қолар, бу кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлар эди. Бунинг устига чиқиндихона шундоқ мактабгача таълим муассасасининг рўпарасида жойлашган. Эндиликда тўпланган чиқиндилар кунлик ташиб кетилаётганидан барча мамнун. Албатта, катта маблағ эвазига амалга оширилаётган бу ишлар шаҳримиз ободлиги, ҳудуд озодалиги ва ёш авлод саломатлиги учун қилинмоқда.

Тадбир якунида ҳудудларда “Тоза шаҳар” шиори остида тарғибот ишлари олиб бораётган ва экологик озодаликни назорат қиладиган бир гуруҳ ходимларга “Дамас” русумли янги хизмат автомашиналари топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
8 572