ЎзА Ўзбек

12.07.2018 16:37 Чоп этиш версияси

Термизда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази, “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаси барпо этилади

Термизда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази, “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаси барпо этилади Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Термиз шаҳридаги маҳаллаларга бириктирилган 127 ташкилот, корхона ва таълим муассасалари ходимларидан иборат ўнта ишчи гуруҳ уйма-уй юриб, ҳудудларда ёшларнинг ижтимоий аҳволи ва муаммоларини ўрганмоқда.

Ишчи гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштирадиган махсус штабда кунлик маълумотлар умумлаштирилиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаётир.

– Мазкур фармон ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ҳар бир ёшнинг интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга йўналтирилгани билан ғоят аҳамиятлидир, – дейди Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар махсус штаби раҳбари ўринбосари С.Саломов. – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилиб, жойларда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари, “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаларини барпо этиш режалаштирилгани, айниқса, кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Шаҳарда қад ростлайдиган замонавий марказ ва мажмуада ёш тадбиркорлар учун хоналарни бепул ажратиш, йигит-қизларнинг стартаплари, бизнес ташаббуслари, ғоя ва лойиҳаларини руёбга чиқариш учун тижорат банклари томонидан йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастурига мувофиқ олинадиган кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш йўлга қўйилади. Ўрганиш натижалари бўйича ҳар бир ёшнинг муаммоси алоҳида руйхатга олиниб, "Йўл харитаси" ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Термиз шаҳар кенгашидан олинган маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти марказида 80 мингдан зиёд ёшлар яшайди. Маҳаллаларда уйма-уй юриб ўрганишнинг дастлабки уч кунида ишчи гуруҳ аъзолари 2 мингга яқин хонадонда бўлиб, 1000 дан ортиқ ёшлар билан суҳбатлашди. Ўрганиш жараёнида уларнинг тадбиркорлик, бандлик, тижорат банкидан кредит олиш, уй-жой ва бошқа масалаларга оид кўплаб муаммолари аниқланди. 100 дан ортиқ иш билан банд бўлмаган йигит-қиз рўйхати шакллантирилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди. Чунончи, ишчи гуруҳ аъзолари Шифокор маҳалласи хонадонларини ўрганаётганида Жанара Жумагамбетова тикувчилик билан шуғулланиши учун тижорат банкидан кредит олиш масаласида ёрдам сўради. Сирожиддин Жумаев енгил машиналарга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси очиш учун тижорат банкининг молиявий кўмагига эҳтиёж сезаётганини айтиб, кредит маблағи олишга кўмаклашишни илтимос қилди. Ўзбекистон маҳалласида яшаётган Рамиз Орамиддин паспорт олиш, Маъруфжон Қодиров эса абитуриентларни олий ўқув юртига тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этиш учун кредит маблағи ажратиш масаласини кўтарди. Мажнунтол маҳалласида истиқомат қилаётган Мухтор Мардонов тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кўмаклашишни сўради.

– Кунлик мурожаатлар махсус штабда таҳлил қилиниб, мутасадди ташкилотлар билан уларни ечиш чоралари кўрилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Термиз шаҳар кенгаши раиси Умид Қулмаматов. – Шу кунгача тижорат банкидан кредит олиш масаласида Фарҳод маҳалласидан 8, Тупроққўрғон маҳалласидан 4, Дўстлик маҳалласидан 3 ва бошқа маҳаллалардан 30 га яқин мурожаат бўлди. Бу муаммонинг аксарияти тижорат банклари томонидан ҳал этилди. Шунингдек, жойларда ишсиз ёшлар билан ўтказилаётган суҳбатларда уларни тадбиркорлик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш каби соҳаларга жалб этишга ёрдам бериш чоралари белгилаб олинмоқда.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган Давлат дастури йигит-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Шунга мувофиқ, ўрганишнинг илк босқичида вилоят марказидаги 20 маҳалланинг ўнтасида Дастур тарғиботи бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг фойдали меҳнатга эҳтиёж ва лаёқати, бизнес ташаббуслари чуқур ўрганилаётир.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
9 981