ЎзА Ўзбек

23.08.2018 11:30 Чоп этиш версияси

Термизда Матбуот уйининг тубдан реконструкция қилинган биноси фойдаланишга топширилди

Термизда Матбуот уйининг тубдан реконструкция қилинган биноси фойдаланишга топширилди
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, журналистлар, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этди. 

Сурхондарё вилоятида ҳам ижодкор зиёлиларга эътибор ортиб, уларнинг муносиб турмуш кечириши, изланиб, меҳнат қилиши учун зарур шароит яратилмоқда. Мазкур матбуот уйи 29 йил муқаддам фойдаланишга топширилган бўлиб, ўтган даврда босма оммавий ахборот воситалари ходимлари етарли қулайликларга эга бўлмаган қишда совуқ, ёзда иссиқ бинода фаолият юритиб келди. Тўрт қаватли иншоот таъмирланмагани сабабли бинонинг ташқи ва ички кўринишлари ночор аҳволга тушиб қолди. 

7.jpg

– Тубдан таъмирланган бинода барча шароит яратилди, – дейди меҳнат фахрийси А.Шоймардонов. – Ҳатто бинога киришда ҳам киши яқинлашгач, ўзи очилиб, ёпиладиган ойнаванд сенсорли эшик ўрнатилибди. Биз ишлаган йилларда бунақа шароитлар қаёқда эди. Ҳаётимнинг 25 йили шу бинода ўтди. Шунча йил ҳозир яратилган қулайликларни орзу қилдик. Айниқса, сўнгги йилларда ташқи тарафининг оҳори кетиб, ички деворлари тўкилиб қолганидан хижолат чекардик. Эндиликда нафақат ижодкор зиёлилар балки, бу ерга келган одамларнинг ҳам баҳри-дилини очадиган, муҳташам бинога айланганини кўриб, ҳавасим келди. Бу каби юксак эътибор ижодкор зиёлиларнинг юртимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларга ҳамоҳанг, ҳамнафас фаолият юритишида муҳим аҳамият касб этади. 

Бинони Термиз шаҳридаги “ Сантехгазмонтаж” хусусий корхонаси таъмирлади. Бунинг учун 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Иситиш тизими бунёд этилди. Хоналар янги мебеллар, қишда иситиб, ёзда совитадиган замонавий кондитсионерлар билан жиҳозланди. Биринчи қаватда матбуот анжуманлари ўтказиладиган кенг, ёруғ зал, кутубхона, китоб дўкони, иккинчи қаватда мажлислар зали, ёш ижодкорлар тўгараги қурилди. Ҳар бир қават юксак дид билан безатилди. Иншоотнинг ташқи қисми ҳам тамомила янги, замонавий қиёфада бўй кўрсатди. 

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимлари, Термиз шаҳрида чоп этиладиган газеталар жойлашган бинонинг биринчи қавати Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасига берилди. 

– Мустақиллик туфайли қадимий воҳада туризм изчил ривожланмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов. – Тарихий обидалар қайта реконструкция қилиниб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилаётир. Саёҳат, тиббиёт, зиёрат, агро, эко туризм инфратузилмасини қуришга эътибор кучайтирилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар йилдан-йилга сайёҳлар оқимини кенгайтираётир. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида бизга туҳфа қилинган муҳташам, гўзал иншоотда хорижлик сайёҳларни, меҳмонларни қабул қилиш учун барча замонавий шароитлар яратилган. Алоҳида хоналар барпо этилиб, жаҳон андозаларига мос жиҳозланган. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
6 970