ЎзА Ўзбек

12.02.2019 10:38 Чоп этиш версияси

​Термизда 900 минг сўмлик операция “ўхшамади”

​Термизда 900 минг сўмлик операция “ўхшамади”

Термиз шаҳрида яшовчи Солия Нозимова Республика шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати Сурхондарё вилояти филиали шифокори Тўлқин Ҳайитов(исм-шарифлар ўзгартирилди)га мурожаат этиб, ундан жарроҳлик йўли билан даволанишда ёрдам сўрайди. Шифокор ҳам “майли операция қиламан. Фақат бунинг эвазига 900 минг сўм пул берасиз”, дея бемор аёл билан очиқ гаплашиб қўя қолади. С.Нозимова бу шифохонада хизмат кўрсатиш бепул, дея эшитгани учун келганини айтганида, Т.Ҳайитов “йўқ, сизни шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими автомашинаси олиб келмаган, шунинг учун операциянинг харажатлари бор. 900.000 сўм олиб келсангиз операция қиламан” деб, важ ўқийди. С.Нозимова ҳозир бунча пулим йўқ, дегач, шифокорнинг сахийлиги тутиб, 800 минг сўмга рози бўлади.

С.Нозимова мурожаати асосида тезкор тадбир ўтказган вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари Т.Ҳайитовнинг бу қилмишини фош этди. У бемор С.Нозимованинг 20 ёшдаги қизидан нақд 800 минг сўм пулни хизмат хонасида олаётганида ашёвий далиллар билан қўлга тушиб қолди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 214-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА​
3 395