ЎзА Ўзбек

23.11.2019 Чоп этиш версияси

Термизда 200 дан ортиқ қон таҳлилини амалга оширадиган янги лабаратория иш бошлади

Термизда 200 дан ортиқ қон таҳлилини амалга оширадиган янги лабаратория иш бошлади

Бугун, Термиз шаҳрида Туркия давлатининг “Kanimed Healthcare” компанияси Ўзбекистондаги “ALLES SAGLIK GROUP”-(ALLES соғлиқни сақлаш гуруҳи) Термиз марказий офиси ва “КАНИ-ЛАБ“ лабараторияси биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тиббиёт соҳасини янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Давлат ва хусусий секторнинг ҳамкорликда фаолият юритиши, хорижлик сармоядорларнинг давлат секторига инвестиция киритишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Шунга мувофиқ энди инвесторларнинг ўзлари истаган давлат тиббиёт муассасасига инвестиция киритиши учун қулай имконият яратилди.

Қардош давлатнинг “Kanimed Healthcare” (КАНИМЕД ХЕЛТКЕР-соғлиқни сақлаш ечимлари) компанияси томонидан мамлакатимизда ягона юқори технологияли замонавий лаборатория жиҳозларини ўрнатиб, лаборатория диагностика хизмати кўрсатишни йўлга қўйди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат, жамоат ташкилотлари, тиббиёт муассасалари вакиллар , талаба-ёшлар иштирок этди.

1.jpg

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов,“ALLES SAGLIK GROUP”нинг хорижлик ҳамкори Джерон Дриссен ва бошқалар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамкорлик ришталари янги босқичда ривожланаётганини, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида юз бераётган ўзгаришлар тиббиёт соҳасини жаҳон андозаларига мос юксалтиришда юксак самаралар бераётганини алоҳида таькидлади. Бунинг учун қулай инвестицион муҳит яратилганини қайд этди.

Бу жараёнда малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш, хусусий секторни ривожлантириш ва давлат тиббиёт муассасаларини тубдан реконструкция қилиб, қулай шароитлар яратишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, Тошкент Тиббиёт академиясининг Термиз филиали ташкил этилди. Германия билан замонавий тиббиёт коллежи барпо этилиб, тиббиёт кластерини яратиш белгилаб олинди. Бундан уч йил муқаддам 116 хусусий тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатган бўлса, бугунга келиб, уларнинг сони икки юздан ошди. Шу йилнинг ўзида вилоятдаги 60 дан ортиқ тиббиёт муассасаси реконструкция қилиниб, қайта таъмирланаётгани, замонавий ускуналар билан жиҳозланаётгани ҳам соҳага кўрсатилаётган эьтиборнинг ёрқин ифодасидир. Бу борада олиб борилаётган ишлар давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида ҳалол рақобат муҳитини яратишда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

“Kanimed Healthcare” компаниясининг жаҳондаги 7 мамлакатда хорижнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган юқори технологияли замонавий лаборатория жиҳозлари ва лаборатория диагностика хизматларини кўрсатиш бўйича филиаллари мавжуд.

4.jpg

5.jpg

Давлат-хусусий шериклик асосидаги мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун туркиялик ишбилармонлар фойдаланилмай турган икки қаватли бинони тўлиқ қайта таьмирлаб, замонавий ускуналар билан жиҳозлади.

Мазкур аппаратлар бир томчи қондан 200 турдаги таҳлилни ўтказиш имконияти билан 6000 ҳажмга эга бўлган ROCHE COBAS (Рош Кобас) русумли автомат биокимёвий иммуноанализатор ўрнатилган. Бу қон зардобидаги барча параметрларга тўғри баҳо беради. Аллергик касалга чалинган беморларнинг аллергик омилни аниқлатиши учун пойтахтга боришига чек қўйиб, уларнинг қимматли вақти ва маблағини тежайди. Автомат анализатор орқали аллергик омилларни тез ва ишончли аниқлаб беради. Бу ерга ўрнатилган юқори технологияли тезкор MINDRAY 5800 (Миндрай) гематологик анализатори қон таркибидаги 28 тур параметрдаги коагуляцион кўрсаткичларни ,SYSMEX СА660 (Сисмехс) автомат анализатори ўсма касалликларни эрта аниқлаш ва қон таркибидаги микробларни тезкор, сифатли аниқлаб беришга кўмаклашади. Лаборатория-диагностика марказига пешоб таҳлиллари ва бактериалогик, микробиологик текширувлар ўтказиш учун замонавий хориж тиббий аппаратлари ўрнатилди.

7.jpg

Лаборатория-диагностика маркази фаолиятининг бошланғич даврида 25 иш ўрни яратилди. Келгусида уни кенгайтириш ҳисобига яна 50 нафар малакали мутахассиснинг бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда. 25 та иш ўрни яратилиб (3 нафари турк, 22 нафари ўзбек фуқаролари) келгусида 50 та иш ўрин яратилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам филиалларини очиш мўлжалланаётир.

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мехмед Суреййа Эр сўзга чиқди.

4 294
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА