Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 16:43 Чоп этиш версияси

Термиз шаҳрида осойишталик посбонлари қасамёд қилди

Термиз шаҳрида осойишталик посбонлари қасамёд қилди Термиз шаҳридаги Хотира майдонида Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар, профилактика инспекторлари оила аъзолари, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жойларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашишда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини янги услубда йўлга қўйиш бўйича қабул қилган қатор фармон ва қарорлари бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.

5 (1).jpg

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшаётган профилактика инспекторлари ҳудуднинг ўзида барча шароитга эга хизмат уйи билан таъминланмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, яқинда Сурхондарё вилоятида ҳам 228 профилактика инспекторига хизмат уйи ҳамда имтиёзли кредит асосида ажратилган замонавий автомашина калити тантанали равишда топширилган эди. Бу сафар яна 140 нафар профилактика инспекторига шундай ғамхўрлик кўрсатилди.

1.jpg

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб белгилангани ҳамда профилактика инспекторларига кўрсатилаётган юксак эътибор жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига хизмат қилмоқда. Чунончи, жорий йилнинг 11 ойида вилоятда умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 808 тага, жумладан, фирибгарлик, ўғрилик, безорилик, қасддан баданга енгил жароҳат, ўртача оғир шикаст етказиш каби 10 дан ортиқ турдаги жиноятлар кескин камайган. 100 дан ортиқ маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган.

Тадбирда профилактика инспекторлари тантанали қасамёд қабул қилди. Уларга замонавий хизмат уйи ва янги автомашина калити топширилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов ва бошқалар Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли профилактика инспекторларига яратилаётган бундай имтиёз ва енгилликлар уларнинг фаолият самарадорлигини янада ошириб, жойларда фуқароларнинг тинч-осойишта турмушини таъминлашга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Замонавий хизмат уйи ва янги автомашина калитини олган осойишталик посбонлари сафида капитан Элбек Шоймардонов ҳам бор. У хизмат қилаётган Узун туманидаги Чинор ва Кичик жончекка маҳаллаларида йилнинг ўтган даврида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган.

– Сариосиё туманидаги Ҳамкорлик маҳалласида яшайман, – дейди профилактика инспектори Элбек Шоймардонов. – Шу пайтгача қўшни туманга қатнаб ишлаганим боис хаёлим иккига бўлиниб юрарди. Уйга борсам, маҳаллани ўйлайман. Ишда икки фарзандимнинг соғлигию, юриш-туришидан хавотир бўламан. Маҳалла ҳудудида қуриб берилган замонавий хизмат уйида оилам билан яшаш учун барча шароит бор. Ҳудудимизда 7 минг 200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Эндиликда шу ерда яшайман. Болаларим ҳам кўз ўнгимда улғаяди. Бу менинг туну кун ҳудудда бўлишим ва хотиржам хизмат қилишим учун жуда қулай. Бугунги маросимда ўта масъулиятли ва шарафли касбни танлаганимдан яна бир бор фахрландим. Келгусида ўз ҳудудимда осойишталикни таъминлаб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бор билим ва тажрибамни сафарбар этишга ваъда бераман.

Тантанали маросимда профилактика инспекторларига кўрсатилаётган бундай эътибор кекса авлод вакиллари, осойишталик посбонларининг ота-оналари, ёшлар қалбида ҳам ғурур туйғусини янада мустаҳкамлади.

– Яратганга шукр, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, одамлар ўртасида меҳр-оқибат тобора мустаҳкамланмоқда, – дейди Ангор туманидаги Қорабоғ маҳалласида яшовчи Боймурод Холҳаитов. – Уч ўғлим бор. Кенжамиз Ўролжон Жарқўрғон туманида профилактика инспектори бўлиб ишлайди. Саҳармардонда уйдан чиқиб кетиб, тун алламаҳалга борганда қайтади. Ҳозиргача акаларининг машинасида ишга қатнаб юрган эди. Мана, хизмат қилаётган маҳалласидан барча қулайликларга эга уй қуриб беришди. Янги шахсий машинали ҳам бўлди. Осойишта ҳаётимиз, тўкин турмушимизни таъминлашга юксак эътибор қаратаётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари О.Муродов, Р.Комилов, Қ.Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Бош вазир ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
1 404






Все о погоде - Pogoda.uz