Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 10:31 Чоп этиш версияси

“Тергов процессуал ҳужжатлари намуналари” услубий қўлланмаси тайёрланди

“Тергов процессуал ҳужжатлари намуналари” услубий қўлланмаси тайёрланди

Мазкур китобни тайёрлашда терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда тергов давомида қабул қилинган 5 мингдан ортиқ процессуал ҳужжатлар ўрганилиб, таҳлил қилинган.

Давлат раҳбарининг жорий йил 14 майдаги “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида тезкор-тергов тадбирларини ўтказиш сифати қониқарсизлиги ва процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилаётганлиги суд-тергов амалиёти тизимидаги асосий муаммо сифатида қайд этилган эди.

Дарҳақиқат, процессуал ҳужжатларда юридик ва криминалистик атамалар нотўғри ёки ноўрин қўлланилиб, жиноят иши ҳолатлари шаблон тарзда мураккаб, тушунарсиз баён этилар, олиб борилган суриштирув ва тергов процессуал ҳужжатларини расмийлаштиришда жиддий хатоликларга йўл қўйилиб, кам учрайдиган тергов амалиётлари бўйича процессуал ҳужжатларнинг намуналари мавжуд эмаслиги ягона тергов амалиётини шакллантиришда муайян муаммоларни юзага келтирарди.

Албатта, бу камчиликларни таълим бериш, касбий тайёргарлик ва малака ошириш орқали бартараф этиш мумкин. Бу борада эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тайёрланган янги таҳрирдаги “Тергов процессуал ҳужжатлари намуналари” услубий қўлланмаси ва унинг дастурлаштирилган электрон нусхаси ниҳоятда қўл келади.

Мазкур китобни тайёрлашда терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда тергов давомида қабул қилинган 5 мингдан ортиқ процессуал ҳужжатлар ўрганилиб, таҳлил қилинган. Мақсад эса республикамизда ягона, тизимли равишда йўлга қўйилган тергов амалиётини яратишдир.

“Тергов процессуал ҳужжатлари намуналари” бўйича услубий қўлланмада 400 га яқин процессуал ҳужжат намуналари жамланган. Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига киритилган сўнгги қўшимча ва ўзгартиришлар, Олий суд Пленум қарорлари ҳамда Бош прокурорнинг соҳавий буйруқларида назарда тутилган талаблар ва амалиётдаги тизимли камчиликлар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилди. Яна бир муҳим жиҳат — қўлланманинг электрон нусхаси Давлат раҳбарининг “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида назарда тутилган “Электрон жиноят иши” тизимини ҳаётга татбиқ этишда дастуруламал бўлиб хизмат қилади”, дейди Бош прокуратура бошқарма прокурори ўринбосари Азамат Мирзаев.

Ягона суд-тергов амалиётини шакллантиришга хизмат қиладиган ушбу қўлланма, амалиётда тергов органлари фаолияти устидан процессуал қонун бузилиш ҳолатлари бўйича ариза ва шикоятларни камайишига, терговчиларнинг ишини янада самарали олиб борилишига, прокуратура органларига янги хизматга қабул қилинган ёш мутахассисларнинг иш фаолияти самарадорлиги ошишига, Бош прокуратура Академиясида малака ошириш машғулотларини амалий нуқтаи назардан самарали ташкил этилишига замин яратади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази

ЎзА
5 001