ЎзА Ўзбек

13.07.2018 22:05 Чоп этиш версияси

Теран таҳлилий-танқидий мушоҳада асосида

Теран таҳлилий-танқидий мушоҳада асосида Тошкент шаҳрида халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг кенгайтирилган сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев иштирок этди.

Сессияда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июнь куни Олмазор туманига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Давлат раҳбарининг туман фаоллари билан ўтказган йиғилишида берган топшириқлари ижроси юзасидан сессияга тайёргарлик кўриш бўйича Олий Мажлис палаталари ҳамда ҳукумат томонидан тегишли “Йўл харита”лари тасдиқланган эди. Уларга асосан тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган тақдимотлар ва ахборотлар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига ҳавола этилди.

28.JPG

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар рўёбига қаратилган ташриф давомида давлат раҳбари томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига туманда мисли кўрилмаган тараққиёт даражасини таъминлашга хизмат қиладиган вазифалар юклатилди. Ўз навбатида, парламент, маҳаллий депутатлик корпуси ҳамда жамоат ташкилотларига мазкур вазифалар ижроси юзасидан таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш вазифаси топширилди.

Сессияда сўзга чиққанлар туманга инвестициялар жалб этиш, кичик саноат зоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, ушбу йўналишда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат” уюшмалари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги зиммасига Олмазор туманида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш вазифаси юклатилган эди. Унинг амалга оширилиши юзлаб янги иш ўринларининг очилишига, пировардида, ҳудуд ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилиши муқаррарлиги қайд этилди. Йиғилишда мазкур инвестицион дастурлар юзасидан мутасадди ташкилотлар тақдимотлари эшитилди.

21-faqat saytga.JPG

Сессияда Олмазор туманида коммунал соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган камчиликларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, кўп қаватли уйлардаги канализация тармоқларининг аҳволи, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш билан боғлиқ муаммолар, ободонлаштириш борасидаги жиддий камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, туманда аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида иш ўринлари тўғрисидаги ҳисоботларга қўшиб ёзиш, нотўғри маълумотлар киритиш, мавсумий иш ўринларини яратиш ҳамда ишга жойлашаётганлар учун иш ҳақининг кам белгиланиши каби салбий ҳолатлар ҳамон кузатилаётганига эътибор қаратилди.

Сессияда туманда тиббий хизматнинг аҳволи, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим тизимидаги масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Муҳокама жараёнида ушбу соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан уй-жой коммунал хўжалиги, бандлик ва меҳнат муносабатлари, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим ҳамда халқ таълими вазирларининг тақдимот ва ахборотлари тингланди.

Туманнинг бугунги ва истиқболдаги тақдири учун ҳал қилувчи куч бўлган ёшларни тарбиялаш, уларнинг беқиёс куч ва имкониятларини эзгу мақсадлар рўёбига тўлиқ сафарбар этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш масаласи доимий диққат марказида бўлиши зарур. Бу борада муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, натижалардан қаноат ҳосил қилиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Осойишталикни, барқарор тартиб-интизомни таъминлашга нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки кенг жамоатчилик ҳам муҳим вазифа сифатида янада жиддий эътибор қаратиши лозим. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида Олмазор туманида тадбирлар ўтказиш, маҳаллаларда “Yoshlar mehnat guzari” комплексини қуриш бўйича тақдимот намойиш этилди.

“Обод маҳалла” дастури доирасида халққа энг яқин бўғин сифатида маҳалла институти фаолиятини янада яхшилаш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди.

– Юртбошимизнинг Олмазор туманига ташрифи мазкур ҳудуднинг ривожида янги тарихий саҳифани очиб берди, – дейди халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгаши депутати Эркин Тошмуҳамедов. – Туман депутатлар корпуси тумандаги 58 маҳалла фаолияти билан атрофлича танишди. Айниқса, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишда аниқ механизмлар белгиланди. Аҳоли билан ишлаш натижасида одамларда мавжуд неъматларни асраб-авайлаш, айниқса, тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияни тежаб-тергаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш бўйича кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилгани кутилган ижобий натижаларни бериши шубҳасиз.

– Президентимизнинг Олмазор туманига ташрифи фаолиятимизга таҳлилий-танқидий ёндашиш мажбуриятини юклади, – дейди "Юқори Бешқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳайдарали Ҳакимжонов. – Бугун мамлакатимизнинг қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Юрт равнақи, унинг истиқболи, фарзандларимиз камолоти йўлидаги эзгу ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир ватандошимиз, маҳалладошимиз учун ҳам фуқаролик, ҳам чин инсонийлик бурчи экани учрашувларда, очиқ мулоқотларда ҳаётий ва таъсирчан тарзда тушунтирилмоқда.

– Олмазор туманида қулай инвестициявий муҳит бор, – дейди Жанубий Кореянинг "Dalim Pharma Tech" компанияси бош директори Мин Бёнг Сунг. – Бу ерда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда қандли диабетга қарши дори препаратлари ишлаб чиқарувчи фармацевтик корхона очишни режалаштираяпмиз. Бу эса соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб, қандли диабет касаллигини даволаш, унинг олдини олишга ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Сессия иши якуни бўйича Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар бажарилишини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган ва Олмазор туманида амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг қарори қабул қилинди. Тақдимотлар асосида “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
8 240