ЎзА Ўзбек

29.08.2020 Чоп этиш версияси

"Тенгиз" - бир аёл қисматига бағишланган ҳаққоний драма (видео)

"Тенгиз" - бир аёл қисматига бағишланган ҳаққоний драма (видео)

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Мансур Абдухолиқов томонидан суратга олинган "Тенгиз" бадиий фильмида бир аёлнинг ҳаёти, унинг атрофидагилар, турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилинади. Бундан ташқари, фильмда қорақалпоқ халқининг урф-одатлари, маданияти, Орол денгизининг "тақдири", Мўйноқликлар ички кечинмалари ифодаланган.

Ушбу фильм, асосан, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида истиқомат қилувчи Манзура Ерниёзова ва унинг жасоратига бағишланади. Фильмда бадиий тўқималар мавжуд. Лекин фильм сюжетига бу аёлнинг тушкунликка тушмай тикувчиликни ўрганиб, тадбиркорга айлангани, ёшларга ибрат бўлаётгани, ирода ва матонати асос қилиб олинган. Бахтсиз тасодиф туфайли ўнг оёқ-қўлидан ажралган Тенгиз исмли келиннинг бир зумда тўкис кўринган бахтидан айрилиши ҳақидаги воқеа билан бошланса, фильмда келгуси саҳналар анча кўтаринки тус олади. Тўғри, у севган ёридан, бахтидан воз кечади, лекин ўзининг тиришқоқлиги ва меҳнати туфайли яна ҳаётга қайтади.

Фильмнинг сценарий муаллифлари Ғафур Шермуҳаммад ва Шуҳрат Ризаев, постановкачи оператор Дилмурод Турдибоев. Ролларда: Ситора Фармонова, Кўпжурсин Алланазаров, Роза Пиязова, Феруза Саидова, Лизахон Ҳақназарова ва бошқалар.

"Тенгиз" бадиий фильмининг Қорақалпоғистонда миллий намойиши бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шунингдек, "Ўзбеккино" Миллий агентли томонидан юртимиз телеканалларида 10 дан ортиқ фильм ва мультфильмлар намойиш этилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни "Тенгиз" бадиий фильмининг миллий телевизион намойиши бўлиб ўтиши хабар берилганди.

Реклама ҳуқуқи асосида.

5 520
ЎзА