ЎзА Ўзбек

17.05.2020 Чоп этиш версияси

Темурий ҳукмдор юборган сарпо нега йиртиб ташланди, Шоҳрух Мирзонинг қасами ёхуд Каъбапўш тарихида аждодларимиз...

Темурий ҳукмдор юборган сарпо нега йиртиб ташланди, Шоҳрух Мирзонинг қасами ёхуд Каъбапўш тарихида аждодларимиз...

Амир Темурнинг кенжа фарзанди Шоҳрух Мирзо буюк ҳукмдор бўлишига қарамай, жуда оддий, ўта диндор, тақводор бўлган. Шоҳрух давлат ишлари билан бир қаторда, ислом шариати қоидаларига тўла амал қилган, беш вақт намозни асло канда қилмаган, Қуръони карим ва унинг арабча, форсча тафсирларини ўқиган. Ҳар ойда бир неча кун рўза тутган, машойихлар, улуғлар мозорини зиёрат қилган, йўқсилларга садақалар улашган. Бу одатларга ҳатто сафарлар чоғида ҳам қатъий амал қилган.

Шоҳрух Мирзонинг (1407 – 1447) кучли ташқи сиёсати натижасида давлат сарҳадлари кенгайиб, Мўғулистондан то ғарбда Миср ва Рум ерларигача, жанубда Ҳиндистоннинг марказидан то Дашти Қипчоқ чегараларигача жойлар Темурийлар давлати таркибига кирган. Бу улкан давлат ҳозирги Миср ва Шомни ўз ичига олган мамлуклар салтанати билан чегарадош эди. Шоҳрух билан мамлуклар ўртасида илк бор 1429 йил Миср ҳукмдори Барсбой (1429 – 1438) билан ўзаро муносабатларининг янги даври бошланди. Ўша йили Шоҳрух Миср султонига ўз элчиларини юборган ва ундан ўша асрнинг мисрлик машҳур тарихчиларидан Ибн Ҳажар ал – Асқалонийнинг “Фатҳ ал – борий ли – шарҳи ас – Саҳийҳ ал – Бухорий” (ал – Бухорийнинг “Саҳийҳ”ига шарҳ) ва Мақризийнинг “Ас – сулук ли маърифат дувал ал — мулк” (“Подшоларнинг давлатларни билиш йўллари”) номли китобларини юборишни ҳамда энг муҳими, Шоҳрух унга юборган мактуб бўлиб, унда ўзи махсус тайёрлаттирган Каъба кисвасини (ёпинчиқни) юборишга ижозат сўраган. Унгача ҳар йили Ҳаж маросими ниҳоясида Каъба устига ёпиладиган кисва тайёрлаш ҳуқуқини Мисрни 1250 йилдан бери бошқараётган мамлук султонлари деярли икки аср давомида ўз қўлларида сақлаб келардилар ва бу уларда мусулмон дунёсида раҳнамолик қилиш имконини берарди. Шу сабабли султон Барсбойнинг бу илтимосга рад жавобини бериши табиий эди. Аммо Шоҳрух қўлёзма асарларнинг жуда катта ихлосманди ҳамда ислом динига эътиқоди мустаҳкам ҳоким сифатида маълум эди. Шу боисдан бу мавзуга такрор ва такрор қайтаверди.

Кисвага даъвогарлик Миср халқи орасида тез тарқалиб, катта шов-шувни келтириб чиқарди. Сабаби, Амир Темур Сурия шаҳарларини ишғол қилган пайтдаги хотиралар ҳали унут бўлмаган эди. Келаси йили Шоҳрух айнан юқоридаги мақсадни кўзлаб, Шерознинг энг мўътабар хонадонига мансуб бўлган зодагонни 8 минг динорлик совға-салом билан Мисрга элчи қилиб жўнатди. Элчи Султон Барсбой томонидан қабул қилинаётган пайтда Шоҳрух Каъбага албатта кисва ёпажаги ҳақида қасам ичганини маълум қилди.

Барсбой бу қасам хусусида тўртта мазҳаб қозилари кенгашини чақиртиришга мажбур бўлди. Қозилар: агар Шоҳрух тайёрланган кисвани сотиб, маблағини Маккадаги фақир-мискинларга эҳсон қилса, қасамидан фориғ бўлади, деган мазмунда ҳукм чиқаришди. Қозилар Мисрда кисва учун махсус вақфлар мавжудлигини, ундаги харажатлар тўлиқ қопланаётганини, Шоҳрухнинг кисва тайёрлашга ҳеч қандай эҳтиёж йўқлигини билдирди. Аслида Миср султонлари бу ишга ҳеч кимнинг қатнашишини истамасликлари қозиларга аён эди. Бу жавоб Шоҳрухни қониқтирмади, 1435 йили у учинчи бор мактуб йўллаб, Қуддус шаҳрини зиёрат қилиш истагини билдирди. Айни вақтда у Миср қозиларини нохолисликда ҳамда султон розилиги йўлида ва ўзларининг манфаатларини кўзлаб ҳукм чиқаришда айблади. Султон Барсбой бу мактубни эътиборсиз қолдирди. Бу воқеадан сўнг Миср халқ таҳликага тушди. Шоҳрухнинг Усмонли туркларнинг ўша вақтдаги султони Мурод II га ва Оқ қўюнлилар амири Қора Юлуққа, Зулғадир ва Кермон амирларига сарполар юборгани Барсбойга қарши иттифоқ тузиш учун тайёргарлик, деб тушунилди. Султон Барсбой ҳам, ўз навбатида ҳарбий тайёргарликни кучайтирди.

1436 йили Шоҳрух Султон Барсбойга тўртинчи анча кескин ёзилган мактубини йўллади. Унда Шоҳрух номига хутба ўқитиш ва унинг исми билан танга зарб қилиш талаб этилганди. Бу талабни қабул қилиш вассалликни тан олиш билан баробар эди. Султон Барсбой ўз навбатида, элчини таҳқирлаб, хат билан бирга юборилган сарпони йиртиб ташлашни буюрди. Султоннинг бундай ҳаракати кўпчилик сарой аҳллари ва тарихчиларига ёқмади. Аксинча, уни танқид қилди. “Хатга вазмин ва босиқлик билан жавоб бериш, мамлук қўшинларининг заифлиги ҳақида сир бой бермаслик керак эди”, деб ҳисобладилар. Нима бўлганда ҳам, мазкур элчи ал – Мақризийнинг “Тарих”и ва Ибн Ҳажарнинг “Фатҳ ал – борий” асар нусхаларидан олиб ортга қайтди. Шоҳрух билан Барсбой ўртасидаги муносабат шу зайлда кескинлашди. Барсбой бир неча бор Шоҳрухга қарши қўшин тортажагини эълон қилган бўлса-да, то 1438 йил июнида вафот этгунига қадар бунга жазм қилмади.

Барсбой вафотидан сўнг 1438 йил Миср тахтига мамлук султони Чақмоқ ўтирди. Фурсатдан фойдаланиб унга Шоҳрух катта ҳадялар билан ўз вакилини юборди. Яна бир неча бор ҳадялар алмашингач, алоқалар тубдан яхшиланди. Шоҳрух Каъба кисвасини тайёрлаш ниятидан ҳали ҳам воз кечмаган ва ҳар сафар бу ҳақда эслатиб турарди.

Ниҳоят, Султон Чақмоқ 1443 йили Каъба кисвасини тайёрлаш ҳақидаги Шоҳрухнинг навбатдаги илтимосига розилик берди. Аммо бу розилик ўзаро муносабатларни кескинлаштирмаслик мақсадида шундай қарорга келганди. Ҳар қалай, у Шоҳрухга фақат ич томондан, яъни Миср султони кисваси остидан ёпиладиган каъбапўш тайёрлашни шарт қилиб қўйди. Розилик олингани заҳоти Шоҳрух Қоҳирага Каъба кисваси билан ўз вакилларини юборди. Миср султони вакилларни қалъада қабул қилди. Уларни Мисрдан Ҳаж сафарига ҳозирлади. Маккаи мукаррамада шу йили Шоҳрух кисваси Каъба устига Миср Султони каъбапўши остидан ёпилди. 1447 йили Шоҳрух вафот қилгунга қадар Миср билан дўстона алоқа олиб борилди. Мисрликлардан кейинчалик ҳам Шоҳрух кисваси деган тушунча ўрнашиб қолганди, то 1452 йилгача айнан шу ном билан Каъба устига кисва ёпиб турилди. Ниҳоят, шу йили Султон Чақмоқ гўё умуман Ислом оламининг ва хусусан Миср афкор-оммасининг шуурини ҳисобга олиб, Шоҳрух кисвасини олиб ташлаш ва фақат Миср султони кисваси билан чекланиш ҳақида амри фармон берди.

Демак, темурийзода Шохрух Мирзонинг бундай сиёсий ҳаракатлари замирида ҳам Ислом дини оламида ўз раҳнамолигини билдириш, ҳам сиёсий сарҳадларини кенгайтириш мақсадида ушбу стратегик йўлни амалга оширди. Марказий Осиё ва Миср ўртасида ХV асрда жўшқин дипломатик алоқалар мавжуд бўлганидан далолат берса, иккинчи томондан, Амир Темур давридан бевосита кейин ҳам Шоҳрух мисолида Марказий Осиё ҳокимлари мусулмон дунёсида кўзга кўринган мавқе, қолаверса, умумий парокандалик шароитида ҳатто раҳнамоликка даъвогар бўлганлигини аниқ исботлаб беради.

1992 йил биринчи Президентимиз И.Каримов Саудия Арабистонига ташрифи чоғида подшоҳ Фахд ибн Абдулазиз Каъбатуллоҳга ёпиладиган Кисванинг бир бўлагини совға қилди ва бу совға ал – Бухорий мажмуасига берилди.

Самарқанд вилоят Ўлкашунослик музейида ипакдан тўқилган каъбапўштнинг бир парчаси экспозиция залларимизда мавжуд. Музейга ташриф буюрган хорижий ҳамда маҳаллий меҳмонлар ўзгача мамнуният билан томоша қилиб, шуурида кенг таассуротлар уйғотмоқда.

Муҳаммад Холматов , 
Самарқанд вилоят Ўлкашунослик музейи Катта илмий ходими

5 708
ЎзА