ЎзА Ўзбек

11.01.2018 16:46 Чоп этиш версияси

“Темурбеклар мактаби”да мард ва жасур ўғлонлар тарбияланади

“Темурбеклар мактаби”да мард ва жасур ўғлонлар тарбияланади Самарқанд шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”га аввал ҳам, яъни муассаса ҳарбий лицей сифатида фаолият кўрсатган пайтларда ҳам бир неча бор келганмиз. Таълим даргоҳи ҳақида мақолалар тайёрлаганмиз, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашганмиз.

Бу гал – Ватан ҳимоячилари куни арафасида мактабга борганимизда муассасанинг нафақат номи ўзгаргани, балки бу ердаги таълим жараёни такомиллашгани, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг машғулотларга муносабати ўзгача экани, ҳатто бинодаги кўргазмали воситалар, ўқув хоналарининг жиҳозланиши ҳам янгичалигига гувоҳ бўлдик.

– Исми жисмига мос, номига муносиб, деган гаплар бекор айтилмас экан, – дейди Самарқанддаги “Темурбеклар мактаби” директори Элбек Худойқулов. – Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, бизнинг ҳарбий академик лицейга ҳам “Темурбеклар мактаби” номи берилгани, аввало, зиммамиздаги масъулиятни оширди. Чунки, бу мактабда ўқиган ёшлар Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатларини ўрганиши, буюк саркардага муносиб ворис бўлиши талаб этилади. Мактабнинг янгидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурларида бунга алоҳида эътибор қаратилиб, Амир Темурнинг ҳарбий-маънавий меросини ўрганишга кенг ўрин ажратилган. Мактаб учун берилган кўргазмали воситалар, дарслик ва ўқув қўлланмаларида ҳам бу жиҳатлар ҳисобга олинган. Машғулотлар интерфаол усулда, янгича тартиб-қоидалар бўйича олиб борилмоқда.

Айни пайтда мактабда 433 ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 35 нафар педагог ходим ва 23 нафар ҳарбий таълим-тарбия беради. Ўқувчиларнинг асосий қисмини вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган ёшлар ташкил этади. Шунингдек, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва бошқа вилоятлардан келган ўқувчилар ҳам белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилинган.

Ўқувчилар давлат томонидан озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминланади. 450 ўринли ётоқхонада уларнинг дам олиши, дарс тайёрлаши учун зарур шароитлар яратилган. 7 минг 600 дан ортиқ китоб фондига эга ахборот-ресурс марказидан ҳам керакли ўқув ва бадиий адабиётларни топиш мумкин. Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли, фойдали машғулотлар билан ўтказиши учун 40 дан ортиқ фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу тўгаракларда фаол қатнашаётган ёшлар вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилаётган фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришмоқда.

8.JPG

– Келажакда ҳарбий бўлишни мақсад қилганман, – дейди мактаб ўқувчиси Раҳимберди Абдуназаров. – Мактабда ушбу мақсадга эришиш учун билим ва касб кўникмаларини пухта эгаллашга ҳаракат қиляпман. Устозларим берган сабоқ ҳамда муассасамизда яратилган қулай имкониятлар туфайли жорий ўқув йилида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши уюштирган иншолар танловида ғолиб бўлдим. Бошқа танлов ва спорт мусобқаларида ҳам жамоамиз билан юқори ўринларни эгаллаяпмиз. Бу, албатта, мактабни битирганимиздан сўнг олий ҳарбий билим юртига ўқишга киришимизда ёрдам беради.

17.JPG

– Мактабимиздаги ўқиш жараёни ўқувчиларни ҳар томонлама тоблаб, уларда ҳарбийлик бўйича дастлабки кўникмаларни ҳосил қилади, – дейди ўқитувчи Д.Неъматова. – Бу ерда улар жисмоний ва руҳий камолотга етиб, келажакда ўз йўлини танлашга қодир бўлади. Кўплаб битирувчиларимизнинг ҳарбий билим юртларида ўқишни давом эттираётгани, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, шу соҳада фаолият кўрсатаётгани шундан далолат беради. Эндиликда муассасамиз “Темурбеклар мактаби” деб номлангач, ўқувчиларимиз буюк Соҳибқирон бобомиздек мард ва жасур, ҳақиқий юрт посбони бўлишга интилиб, билим олмоқдалар.

Шу кунларда мактабда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўқувчилар ўртасида спортнинг 7 тури бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Шунингдек, ўқитувчи ва ўқувчилар муассасада нишонланадиган байрам тадбирига ҳам қизғин ҳозирлик кўраётир.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
24 857