Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 21:28 Чоп этиш версияси

Темирйўлчилар байрами нишонланди

Темирйўлчилар байрами нишонланди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий йилдан бошлаб август ойининг биринчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан пойтахтимизда тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти жамоасига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси О.Раматов ва бошқалар истиқлол йилларида мамлакатимиз темир йўл транспорти соҳаси мураккаб йўлни босиб ўтганини, мамлакатимиз ҳудудларини ишончли боғлайдиган, халқаро транспорт йўлакларига чиқиш имконини берадиган темир йўл транспорти коммуникацияларининг яхлит тизими барпо этилганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йил 10 март куни Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро – Мискин темир йўл қурилишининг бориши билан танишиб, тармоқдаги ишлар сифатини янада оширишга қаратилган қатор таклиф ва тавсияларини берди. Умумий узунлиги 355 километрни ташкил этадиган мазкур темир йўлнинг 335 километри тамомила янгидан бунёд этилмоқда. Мазкур темир йўлнинг қуриб, фойдаланишга топширилиши билан поездлар қатнови қарийб 75 километрга қисқаради.

1 (5).jpg

Қарши ва Термиз оралиғидаги темир йўлни электрлаштириш ишлари авж палласида. Узунлиги 325 километрни ташкил этадиган мазкур йўлнинг 183 километри тўлиқ электрлаштирилди. Урганч – Хива янги темир йўли қуриш ва электрлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Темир йўл вокзалларини замонавий талаблар асосида қайта қуриш, йўловчиларга халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда мамлакатимизда 16 янги темир йўл вокзали бунёд этилди, 9 вокзал реконструкция қилинди. Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳридаги Жанубий вокзални реконструкция қилиш, Хива ва Наманган шаҳарларида замонавий вокзаллар қуриш бўйича ишлар давом этмоқда.

Қурилиш-бунёдкорлик ишларида ҳам темирйўлчиларнинг ҳиссаси салмоқли бўлаётир. Турли мураккабликдаги йўллар, кўприклар, эстакадалар бунёд этишда катта тажриба тўплаган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти жамоаси бугун ўта мураккаб қурилиш – ер усти ва ер ости метрополитенларини барпо этишга киришган. Пойтахтимизнинг Сергели туманини шаҳар маркази билан боғлайдиган олти бекатли ер усти, Юнусобод туманида ер ости метрополитенини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Анжуманда Президентимизнинг шу йил 4 августдаги “Мамлакатимиз темир йўл соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бир гуруҳ темирйўлчиларга давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари топширилди.

24.jpg

– Давлатимиз раҳбарининг фармони билан жорий йилдан бошлаб ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида нишонланиши бизга чексиз ғурур бахш этди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси бош директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Нусратилло Абдуллаев. – Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлиш, зиммамиздаги масъулиятни теран англаш, халқимиз манфаати йўлида садоқат билан хизмат қилишга ваъда берамиз.

Тадбирда таниқли санъаткорлар ва ижрочи ёшларнинг концерти намойиш этилди.

Беҳзод Бозоров, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
5 722






Все о погоде - Pogoda.uz