Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.05.2018 11:36 Чоп этиш версияси

Темир йўлга яқин яшайдиган аҳоли дардини кимга айтсин?

Темир йўлга яқин яшайдиган аҳоли дардини кимга айтсин?
“Ўзбeкистон тeмир йўллари” акциядорлик жамияти ва
Тошкент вилояти ҳокимлиги диққатига!

ТЕМИР ЙЎЛГА ЯҚИН ЯШАЙДИГАН АҲОЛИ ДАРДИНИ КИМГА АЙТСИН? 

Ишга кетганингизда фарзандингиз темир йўл бўйида жойлашган уйда ёлғиз қолишидан бехавотир бўла олармидингиз?

Одамлар хавфсизлигини ким ўйлайди?

Белгиланган нормаларга кўра, темир йўл аҳоли яшайдиган уйдан камида 50 метр узоқликда бўлиши керак, аммо Чортоқда 12 метр...

Қонунлар, қарорлар одамлар учун, аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилиши керак. Бинобарин, ҳеч бир мутасадди “Мана, фалон қарорга асосан иш кўряпмиз”, дея аҳолига зарар етказишга ҳақли эмас. Президентимиз ҳар бир чиқишларида “Мақсадимиз, одамларни рози қилиш”, деган сўзларни канда қилмайди. Бироқ айрим ташкилот ва ҳокимликларда бунга бефарқ бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда.

ТЕМИР ИЗЛАРГА ҚЎШНИ БЎЛАЁТГАН ОДАМЛАР

Деразангиз ортида чиройли манзара ўрнига тақир-туқур ўтаётган поезд вагонлари кўриниб турса, сизга хуш келадими? Бунинг устига у имиллаб, соатига 5-10 км. тезликда ўтаётган бўлса, асабларингизни росмана синовдан ўтказади. Шундай ноёб темир “арава” билан қўшни тутинар эдингизми? Албатта, Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги Чортоқ маҳалла аҳолиси ҳам ўзларига бундай қўшни танламаган эдилар. Чортоқда намунали уйлар қурилгач, аҳоли кредит асосида уй сотиб олиб, бирин-кетин кўчиб кела бошлади. Секин-аста маҳаллада аҳоли кўпайди. 2018 йил бошларига келиб, кўча юзига яқин жойлашган намунали уйлардан 10-12 метр узоқликда темир йўл қурила бошланди.

Мазкур темир йўл Зангиота тумани ҳудудида металлургия заводи қурилиши режалаштирилгани боис, маҳсулот ташиш учун Чортоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи ҳалқа йўли ёқасида қурилиши лойиҳалаштирилган. Айни пайтда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Ҳудудда яшовчи 30 га яқин хонадон ушбу темир йўлга жуда яқин бўлиб қолмоқда. Аҳоли эса уйдан 12 метр узоқликда юк поезди ўтишидан норози. Темир йўлнинг бу қадар яқин бўлишидан хавотирланган аҳоли “Олдиндан буни билганимизда, асло бу уйни сотиб олмасдик”, дейишмоқда.

Чортоқликлар ушбу масала бўйича туман, вилоят ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилганлар. Натижа бўлмагач, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбариятига ҳам ёзма мурожаат билан чиқилган. Жавоб эса ўша-ўша: “Мана, фалон қарорга асосан иш кўряпмиз”.

“ЎЗБЕКИСТОН ТЕМИР ЙЎЛЛАРИ” АЖ МУАММО ЮЗАСИДАН НИМА ДЕЙДИ?

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Чортоқ маҳалла фуқаролари мурожаати юзасидан жавоб хати мазмунига кўра, темир йўл шохобчаси аҳоли турар жойидан 12 метр узоқликда бўлиши меъёр ҳисобланади ва бу ҚМҚ2.10.10-97 “Темир йўллар учун ер ажратиш меъёрлари”га асосан ўтказилмоқда. Шунингдек, қурилаётган темир йўл шохобчаси V-категорияга тегишли бўлиб, ҳаракатланаётган поезднинг тезлиги катта эмас (5-10 км/с).

Бироқ, мутасаддиларнинг ушбу жавоб хати аҳолини қониқтирмаган.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакилларининг таъкидлашича бу ҳудудни ўзлари танламаган, ҳокимият томонидан шу ҳудуд кўрсатилган.

ҲОКИМИЯТ ҚАРОРИ ХАЛҚАРО НОРМАЛАРГА МОСМИ?

Халқаро нормаларда темир йўл аҳоли хонадонларидан камида 50 метр узоқликда бўлиши белгиланган. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакиллари бу меъёрларни четлаб ўтмоқда. Улар келтираётган 12 метрлик меъёр, яъни ҚМҚ2.10.10-97 ҳужжатидаги 12 метрлик ҳудуд – темир йўлининг муҳофаза ҳудуди саналади. Унга кўра, “Темир йўлнинг ҳар икки томонидан муҳофаза минтақаси 12 метр белгиланиб, бу ҳудудда ҳар қандай қурилиш ишларини бажариш, дарахтлар экиш, минерал ўғитлар сақлаш ва темир йўлга зарар етказиш мумкин бўлган ҳар қандай ишларни бажариш қатъиян ман этилсин”, дейилган.

03.jpg

Чортоқ маҳалласининг 30 га яқин хонадон эгалари эса эшигидан 3-4 қадам ташлаши билан ана шу муҳофаза ҳудудига беихтиёр кириб қолмоқда. Ҳокимият аҳолига пеш қилаётган 12-20 метрлик ҳудуд темир йўл ва аҳоли уйи орасида сақланиши керак бўлган масофани эмас, аслида темир йўлнинг муҳофаза ҳудудини назарда тутмоқда. 12-20 метр масофанинг яқинлиги аҳоли учун хавфли ва ноқулай бўлишини инкор этиб бўлмайди. Мутасаддилар ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли хавфсизлигига кафолат бера оладими? Темир йўлни балки панжара билан тўсиш мумкиндир, аммо унинг шовқинини йўқотиб бўлармикан? Юк поездлари берадиган тебраниш уйларнинг қурилиш сифатига зиён етказса, харажатларни ҳокимият қоплайдими? Ушбу саволлар Чортоқ МФЙ фуқаролари томонидан соҳа ходимлари ва ҳокимият вакиллари қатнашган мажлисда ўртага ташланган. Бироқ, саволлар очиқлигича қолиб кетган.

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИЯТИ НЕГА АҲОЛИНИ ОГОҲЛАНТИРИШНИ УНУТДИ?

Вилоят ҳокимлиги вакилининг таъкидлашича, мазкур ҳудудда темир йўл шохобчасини ўтказиш таклифи “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан берилган.

Темир йўл шохобчасини ўтказиш бўйича мутасаддилар иккита таклиф киритган. Биринчиси, салкам 40 та хонадон бузилиши ва уларга компенсация тўлаб берилиши, иккинчиси, 30 га яқин хонадоннинг салкам эшиги тагидан темир йўл шохобчаси ўтказиш. Ҳокимият эса камхаражат талаб этган йўлни танлаган. Маҳалла фуқаролари айни ҳудудда темир йўл шохобчаси қурилиши бўйича қарор чиқишидан аввал огоҳлантирилмаган.

Маҳалла раисидан ўзга бирор кишининг бу янгиликдан хабари бўлмаган. Аҳоли розилиги сўралмасдан қарор ва бошқа кўрсатмалар, ҳужжатлар тайёрлаб бўлингач, энди фуқаролар норозилик билдирганда уларга ўша қарор ва ҳужжатлар пеш қилинмоқда.

02.jpg

ОЛИЙ МАЖЛИС ДЕПУТАТИ: “МЕН БАРИБИР АҲОЛИ ТОМОНИДАМАН”

Ушбу масала юзасидан 88-Янгийўл сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга мурожаат қилдик. Депутат мазкур муаммони ҳокимият ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан боғланиб ўрганган ҳолда, қуйидагиларни маълум қилди:

– Билишимча, темир йўл шохобчаси ўтказилиши учун ушбу ҳудуд ҳокимият томонидан тавсия қилинган. Табиийки, ҳокимият ҳам ўзи учун камхаражат бўлган ҳудудни танлаган. Ушбу қурилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги “Тошкент металлургия заводини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва Тошкент вилояти Янгийўл туман ҳокимининг 424-сонли қарорига асосланмоқда. Буни рад этиб бўлмайди. Лекин, қарорларда аҳоли норозилигига қарамай ёки бошқа ҳуқуқий меъёрларга зид равишда қурилиш ишлари олиб бориш шартлиги назарда тутилмаган.

Назаримизда, бу вазиятдаги камчилик шундаки, қарорлар қабул қилинишидан олдин лойиҳа шаклида аҳоли фикри ва муносабати ўрганилмаган. Ваҳоланки, Президентимиз доим одамлар розилиги олиниши ва ҳар қандай норматив-ҳужжатлар аввал муҳокамага қўйилиши зарурлигини таъкидлайди. Биз барибир аҳоли томонидамиз. Ҳар қандай ҳужжатга асосланиб иш қилинишидан аввал, аҳолининг таклиф ва эътирозлари ўрганилиши лозим эди. Мутасаддиларга қарата “Ўзингиз ҳам ана шундай темир йўлга қўшни бўлиб яшашни истармидингиз? Ишга кетганингизда фарзандингиз темир йўл бўйида жойлашган уйда ёлғиз қолишидан бехавотир бўла олармидингиз?”, деган бўлардим. Ана шунда балки эътироз қилаётган фуқароларни яхшироқ тушунган бўлармидик...

Анора Содиқова, ЎзА
20 325