ЎзА Ўзбек

06.08.2018 10:02 Чоп этиш версияси

Темир йўлдаги иншоотларни бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Темир йўлдаги иншоотларни бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Юртимизда темир йўл транспорти соҳасидаги муносабатлар “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан эътиборан ҳар йили август ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий ахборот” каналида темир йўл транспорти соҳасидаги қонунчилик ҳақида маълумот берди.

Юртимизда темир йўл транспорти соҳасидаги муносабатлар “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Темир йўл транспорти (темир йўл) — умумий фойдаланишдаги транспорт турларидан бири бўлиб, у ишлаб чиқариш ва ижтимоий йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ўз таркибига олган, бошқа давлатларнинг темир йўллари ва транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда ташиш эҳтиёжларини таъминловчи ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуйидан иборатдир.

Қонунчиликка мувофиқ темир йўл транспорти корхоналари, умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва темир йўл транспортининг бошқа мол-мулки мутлақ давлат мулки ҳисобланади.

Темир йўл қатновлари қуйидаги турларга бўлинади:

• ички қатновлар — юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини Ўзбекистон доирасида ташиш;

• халқаро қатновлар — юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасида ташиш;

• тўғри аралаш қатновлар — юкларни ягона транспорт ҳужжати бўйича транспортнинг ҳар хил турларида ташиш. Тўғри аралаш қатновлар ҳам ички, ҳам халқаро бўлиши мумкин.

Алоҳида муҳим давлат эҳтиёжларини, шу жумладан мудофаа эҳтиёжларини қондириш учун юкларнинг махсус турлари ташилишини таъминловчи ташишлар махсус ташишлар жумласига киради.

Темир йўл транспорти корхоналари йўловчилар, багаж, юк багажи ўз вақтида манзилига етказилишини, вокзалларда ва поездларда йўловчиларнинг хавфсизлигини, уларга хизмат кўрсатиш учун зарур қулайликлар ва шароитлар яратилишини, багаж ва юк багажининг сақланишини таъминлаши шарт.

Йўловчилар поездларнинг жўнаш ва келиш вақти, йўл ҳақи, багаж, юк багажи ташиш ҳақи, вокзалхоналарда жойлашган темир йўл чиптаси кассалари, сақлаш камераларининг иш вақти, йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида вақтида ишончли ахборот билан, шунингдек темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотларининг иши тўғрисидаги бошқа зарур ахборот билан таъминланишлари керак.

Йўловчи поездда ўзи билан бирга беш ёшгача бўлган бир болани алоҳида жой берилмаган ҳолда бепул олиб юриш ҳуқуқига эга. Йўловчи билан бирга беш ёшгача бўлган биттадан ортиқ бола кетаётган бўлса, улардан бири бепул олиб юрилади, қолганлари эса чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизи чегирилган, алоҳида жой берилган ҳолда олиб юрилади. Беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларга ҳам чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизи чегирилган ҳолда алоҳида жой берилади. 

Темир йўл транспорти корхоналари юкларни ташиш чоғида юкларни ташиш учун олинган буюртманомаларни бажармаганлик, вагонларни шохобча йўлларига келтириб бермаганлик ва уларни шохобча йўллардан олиб кетишни кечиктирганлик, юкларни жўнатувчилар ва олувчиларга тегишли бўлган ёки улар томонидан ижарага олинган вагонлар ва контейнерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик, бу вагонлар ва контейнерларга шикаст етказганлик ёки уларни йўқотганлик учун жарималар тўлайди.

Бунда жарималар миқдори қуйидагича.

Кечиктирилган юк бўйича (ҳар бир сутка учун):

йўловчи багажи учун – ҳар бир сутка учун билет нархининг 5 фоизи миқдорида, аммо умумий жарима миқдори юк ташиш ҳақининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги керак;

юк багажи учун — ҳар бир сутка учун ташиш нархининг 1,5 фоизи миқдорида, бироқ бу сумма ташиш нархининг 30 фоизидан ошиб кетмаслиги керак.
Юкларни йўқотганлик учун юкларнинг тўлиқ қиймати қоплаб берилади. Бунда юк учун тўланган ҳақ ҳам қайтариб берилиши керак.

Айрим шахслар учун темир йўл чиптасини кассаларидан сотиб олиш бўйича устунлик ҳуқуқи мавжуд.

Хусусан мазкур ҳуқуқ қуйидаги шахсларга тақдим қилинади:
• а) 10 ёшгача (бу ёшга тўлган) болали йўловчиларга, шунингдек йўлланмалар чипта кассасига тақдим қилинган ҳолда йўлланмалар бўйича санатория-курорт даволанишига бораётган 10 ёшдан катта касал болаларни кузатиб бораётган йўловчиларга;

• б) Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппарати ва Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимларига;

• в) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ходимларига, Ўзбекистон Республикаси темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси, прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Адлия вазирлиги хизматчиларига, хизмат кўрсатиш ҳудудлари доирасида ёки хизмат сафари гувоҳномаларида кўрсатилган станцияларгача хизмат ишлари юзасидан кечиктириб бўлмайдиган йўлга чиқишларда тиббиёт ходимларига, ветеринария ва санитария назорати ходимларига;

• г) тасдиқланган телеграф чақируви билан кетаётган шахсларга;

• д) авария ёки ёнғинни бартараф этиш учун сафарбар қилинган “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, “Ўздавнефтгазинспекция”, газ назорати, газ, кимё, нефть, нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё саноати, геология хизматчиларига.

Қуйидаги шахслар чипта кассаларида навбатсиз чипта олиши мумкин (тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинганда):

• а) Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва уч даражадаги Шон-шуҳрат, “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Соғлом авлод учун” орденлари ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланган шахслар;

• б) уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар;

• в) Чернобиль АЭСда авария оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашган шахслар;

• г) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенаторлари ва депутатлари;

• д) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари;

• е) “Фахрий темирйўлчи” нишони билан тақдирланган шахслар.

Ётоқ жойлари мавжуд бўлган йўловчи ташиш поездларидаги вагонларда юрилганда йўловчи, қиймати плацкарта қиймати таркибига киритилган ётаржой буюмлари комплекти билан таъминланади. Ётаржой буюмлари комплекти иккита чойшаб, битта ёстиқ жилд, битта сочиқдан иборат. Ётаржой буюмлари комплекти йўловчига бутун йўл давомида фойдаланиш учун берилади.

Йўловчи хоҳишига кўра кузатувчи йўналиш давомида ишлатилган ётаржой буюмларини қўшимча ҳақ ҳисобига алмаштириб бериши мумкин.

Кузатувчилар ётаржой буюмлари комплектини йўловчилар жойларига етказишлари, ногирон, касал, катта ёшдаги шахслар, ёш болали йўловчилар, шунингдек икки жойли ётоқ купеларида кетаётган йўловчиларга ётоқларини тўшаб беришлари шарт. Йўловчи манзил ёки бошқа поездга ўтиш станциясига етиб келишига 30 дақиқа қолганда, кузатувчи ётаржой буюмларини йиғиштириб олади.

Матрас, ёстиқ ва кўрпадан фойдаланиш учун тўлов плацкарта қиймати таркибига киритилган ва қўшимча равишда йўловчидан ундириб олинмайди.

Барча тоифадаги йўловчи ташиш поездларининг ётоқ жойли вагонлари, шунингдек ўтириш жойларига эга тезкор йўловчи ташиш поездларининг вагонлари кузатувчилари, йўловчиларни уларнинг илтимосига кўра ташувчи белгилаган нархларда кунига камида уч марта чой билан таъминлаши керак. Йўловчи ташиш поездининг барча йўловчилари бутун йўналиш давомида совутилган қайнатилган ичимлик сув билан бепул таъминланиши керак.

Темир йўл транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

Темир йўл изларига поездлар қатновининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ашёларни қўйиш, шунингдек темир йўлни, иҳота дарахтларини ва қор тўсиш ғовларини ҳамда бошқа йўл объектларини, сигнал бериш ва алоқа иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантириш - энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўлдан от-арава ҳайдаб ўтиш ва чорва молларни ҳайдаб ўтиш, чорва молларни темир йўл яқинида боқиш қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўлларни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш - энг кам иш ҳақининг йигирмадан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан темир йўл изини белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш - энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Зарурат бўлмай туриб, ўзбошимчалик билан поездни тўхтатиш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юк поездларида ўзбошимчалик билан юриш, поезд юриб кетаётганда поездга чиқиш ва поезддан тушиш, вагонларнинг зинапояларида ва томларида кетиш — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўл транспорти воситалари, алоқа йўллари, улардаги иншоотлар, сигнализация қурилмалари, алоқа ёки бошқа транспорт ускуналарини қасддан бузиш, уларга шикаст етказиш ёхуд уларни бошқа усулда фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтириш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ўша ҳаракат одамлар ўлимига; ҳалокатга; бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

6 594