ЎзА Ўзбек

15.04.2019 20:51 Чоп этиш версияси

Темир йўлда темир интизом зарур

Темир йўлда темир интизом зарур

Мамлакатимизда транспорт-коммуникация тизими жадал ривожланиши билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жумладан, темир йўлларда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳам долзарб аҳамият касб этаётир.

Наманган вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, вилоят ҳудудидан умумий узунлиги 215 километрлик темир йўл тармоғи ўтган. Тармоқ бўйлаб 11 та қўриқланадиган ва 22 та қўриқланмайдиган, жами 33 та темир йўл кесишмаси мавжуд. Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан олиб борилаётган профилактик чора-тадбирларга қарамай, 2018 йилда 6 та темир йўл транспорти ҳодисаси содир бўлган. Шундан 2 тасида фуқароларнинг вафот этиш ҳолати кузатилган. Бу соҳада хавфсизлик масалаларига янада жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

– Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга бошқарма, темир йўл маъмурияти, маҳалла фуқаролар йиғинлари, оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат 50 кишилик ишчи гуруҳ масъул қилиб белгиланган, – дейди вилоят ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Ю.Хидиров. – Ишчи гуруҳ томонидан аҳоли ўртасида транспортда ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича ишлаш билан биргаликда темир йўллар, уларнинг автомобиль йўллари билан кесишмасидаги техник жиҳозлар созлиги, аҳоли манзиллари оралаб ўтган йўллар ҳолати доимий назоратга олинган.

Олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш тадбирларида темир йўлларга яқин жойлашган 200 га яқин хонадонда оила бошлиқлари билан вояга етмаган ёшлар, спиртли ичимликка мойил, руҳий носоғлом оила аъзоларини назоратсиз қолдирмаслик бўйича суҳбат ўтказилиб, махсус буклетлар тарқатилган. Жумладан, профилактик ҳисобда турган 7 нафар фуқаро билан якка тартибда суҳбат ўтказилган.

Йўловчи ва юк ташиш поездларининг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида темир йўлнинг 117-122, 85-92, 60-74 километрлари оралиғида йўллар ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчилик ва носозликлар ўз ўрнида бартараф этилди. Йўл патруль хизмати билан ҳамкорликда 119 километрдаги 1-пикет, 92-километрдаги 6-пикет, 41-километрдаги 4-пикетда жойлашган темир йўл кесишмаларидаги хавфсизлик ҳолатлари текширилди.

Профилактика куни рейдларида темир йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиб Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 113-моддаси 4-қисмида кўрсатилган ҳуқубузарликни содир этган 6 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари кўрилди.

– Хизмат ҳудудимизда ўтказилган давра суҳбатларида Поп туманидаги Яккатут маҳалласи аҳолиси томонидан шаҳарлараро йўловчи поездига чиқиш ва тушиш жойлари таъмирталаб бўлиб қолгани юзасидан мурожаатлар бўлди, – дейди транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси гуруҳи катта инспектори, лейтенант Ж.Болтабоев. – Шунингдек, Чортоқ – Наманган темир йўли бекатлари оралиғидаги қўриқланмайдиган темир йўллар кесишмасида ҳам автомобиллар қатнови кўплигини ҳисобга олиб, мазкур объектни қўриқланадиган тоифага ўтказиш ҳақида таклифлар бўлди. Ҳозир улар ўрганиб чиқилмоқда ва хулоса Қўқон минтақавий темир йўл узелига тақдим этилади.

Акромжон Сатторов, ЎзА
2 040