ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

“Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси телевизион бозор тенденцияларини ҳисобга олиши керак

“Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси телевизион бозор тенденцияларини ҳисобга олиши керак

“Пойтахт” бизнес марказида телерадиоэшиттиришлар соҳасининг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Миллий телерадиокомпания, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси вакиллари, маҳаллий телеканаллар раҳбарлари, алоқа ва телерадиоэшиттиришлар муаммоларига ихтисослашган олим ва юристлар телевизион бозоридаги тенденцияларни муҳокама қилиш ва “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш учун ўз таклифларини киритиш мақсадида бу ерга жам бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев “Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонуннинг мақсадлари ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси замонавий телевизион бозордаги барча талабларни ҳисобга олади ва мамлакатимиз телевидениесини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда ушбу қонун лойиҳаси олтита боб, 38 та моддадан ташкил топган бўлиб, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини муҳокама қилиш regulation.gov.uz порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Унда ҳар ким мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва мулоҳазаларини қолдириши мумкин.

Янги қонун бир неча йил давомида маҳаллий телевидениени ривожлантириш йўналишларини белгилаб беради. Чунки унда Ўзбекистон ҳудудида эфир, кабель, спутник, IP-TV, ОТТ технологиялари ва трансляциянинг бошқа турлари орқали миллий ва хорижий телерадиоканалларини шакллантириш ва тарқатиш соҳасидаги ягона тамойиллар ва қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Бир вақтнинг ўзида у телевидение ва радиоэшиттиришлар хизматлари истеъмолчиларининг холис ва ишончли маълумотдан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, телерадиодастурлар яратиш ва тарқатишнинг барча босқичларида демократик ва фикрлар хилма-хиллиги тамойилларига амал қилинишини кафолатлайди.

Эътиборли жиҳати шундаки, янги қонун маҳаллий телеканаллар ва радиоканаллар фаолиятида қўлланибгина қолмай, айни дамда Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган хорижий телерадиоканаллар ишини ҳам тартибга солади.

Қонун чиқарувчиларнинг айнан мазкур ташаббуси тадбирда иштирок этган Миллий телерадиокомпания ва маҳаллий телеканаллар вакилларининг қизғин баҳс-мунозарасига сабаб бўлди. Ўзбекистонда фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий телеканаллар реестрини тузиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, телевидение ходимлари телевидение хизматлари ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш зарурлиги бўйича фикр алмашдилар. Улар шунингдек, маҳаллий телеканаллар аудиториясига таъсир кўрсатаётган замонавий интернет-технологияларнинг ривожланаётгани уларни хавотирга солаётганини маълум қилди. Бу муаммо Қозоғистон мисолида атрофлича кўриб чиқилди. У ерда ҳар йили хорижий веб-манбалар тобора оммалашиб бораётгани сабабли, Қозоғистон телеканаллари аудиторияси кескин камайиб кетмоқда. Аксарият ўзбек телеканаллари интернет тармоғида IP-TV технологиялари ёрдамида трансляция қилинаётганини ҳисобга олиб, мутахассислар томонидан ушбу инновацияларнинг фойдали ва зарарли томонлари муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари, шунингдек, қонун лойиҳасида ўзлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган моддаларни ажратиб кўрсатдилар.

Шундай қилиб, янги қонун қабул қилинганидан сўнг, давлат, хусусий, ижтимоий ва хорижий теле ва радио ташкилотлар миллий телерадиоэшиттиришлар тузилмасига киради. Қонун лойиҳасига мувофиқ, юридик шахслар ва Ўзбекистон фуқаролари ахборот тарқатувчи ташкилотни таъсис қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Айни дамда хорижиий муассиснинг улуши 30 фоиздан ошмаслиги керак бўлади.

3 015
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА