ЎзА Ўзбек

27.10.2018 11:13 Чоп этиш версияси

Текин интернет ва қулай имконият. “Ақлли“ бекатлар хизматингизда

Текин интернет ва қулай имконият. “Ақлли“ бекатлар хизматингизда
Термиз шаҳрида бир йўла 8 та инновацион жамоат транспорт бекати фойдаланишга топширилди.

Сурхондарё вилояти марказида 30 июнь Ёшлар куни муносабати билан иккита ана шундай янги бекат Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда ёш тадбиркор Олим Саппаров ҳамкорлигида барпо этилиб, ишга туширилган эди. Қисқа вақтда яна 8 та ақлли бекат қурилиб, жиҳозланди.

photo5377551289887599052.jpg

Замонавий қурилиш материаллари асосида қад ростлаётган мазкур бекатларда кондиционер, жамоат транспорти ҳаракат жадвалининг таблоси, “Фуқаро – тезкор ёрдам хизмати” фавқулодда алоқа ахборот панели, атроф-муҳит мониторинги сенсори, бепул Wi-fi интернет тармоғи, видео назорати ҳамда USB электр тармоғи нуқталари, банк тўлов терминали ўрнатилган. Бундай қулайликлар барчага, ёшу кексага манзур бўлмоқда. Бу ерда одамларнинг сони тўғрисида тезкор маълумот тўплаш имконияти яратилгани йўналишдаги транспортни режалаштиришда жуда қўл келади. Бекатлар ва уларнинг ён-атрофида жамоат тартибини бузиш ҳолатлари бўйича тезкор маълумот олиш имконияти ҳам мавжуд. Аҳоли таклиф ва истаклари асосида янги бекатлар шаҳар телефон тармоғига ҳам уланган.

photo5377574104753875314.jpg

Замонавий жиҳозланган ҳар бир бекатга ўрнатилган қуёш электр энергияси панеллари бекатнинг ёритгичлари ва USB электр тармоғи нуқталарини автоном электр қуввати билан таъминлайди. Бекатларнинг 30 фоиз қисми савдо-сотиқ ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари учун мўлжалланган. Қизиқарли китоб фондига эга кутубхоналар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

photo5377574104753875315.jpg

Ёш тадбиркорга ажратилган имтиёзли кредит асосида амалга оширилаётган инновацион лойиҳа нафақат аҳоли, балки жамоат транспортлари қатнови учун ҳам барча замонавий шароитларни яратмоқда. Одамлар, айниқса ёшларнинг шаҳар кўчаларини тоза, саранжом сақлаш кўникмасини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётир.

photo5377574104753875317.jpg

– Бекатлар чиндан ҳам номланишига муносиб ўта ақлли, – дейди Термиз шаҳридаги 11- мактабгача таьлим муассасаси ҳамшираси Зуҳра Тоғайқулова. – Қаранг, юксак дид билан жиҳозланганига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. Оддий мисол: Чиқиндиларни турларига қараб ажратиш учун ўрнатилган учта чиқинди қутичаси экологик маданиятимизни янада ўстиришга хизмат қилади. Пойабзалларни тозалаш ускунаси жамоат транспортида тозаликни сақлаб, озода, саришта юришимизга кўмаклашади. Бекатда шаҳарнинг мавсумий иқлим ўзгаришларига мос очиқ ва ёпиқ кутиш заллари барпо этилгани ҳам бизга яратилган яна бир қулайликдир. Бу иншоотлар хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётган вилоятимиз маркази ҳуснига ўзгача чирой қўшаётганидан хурсандмиз.

photo5377574104753875318.jpg

Орқа ва ён модуллари уяли поликарбонатли устунлардан иборат инновацион бекатлар ламинатланган қулай ўриндиқлар билан жиҳозланган. Ўзгарувчан ҳаво иқлимига чидамлилигини ошириш мақсадида унинг ички томонига иқлимни назорат қилувчи мослама ўрнатилган.

— Бекатларимиз инновацион ойналар билан жиҳозланган,— дейди ёш тадбиркор О. Саппаров.—Тунда улар катта экран вазифасини ўтайди. Экранларда ижтимоий ва тижорий реклама роликларини намойиш этмоқдамиз. Уларни бекат ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам бемалол томоша қилиш мумкин. Лойиҳани рўёбга чиқариш учун имтиёзли кредит маблағи олганмиз. Мазкур кредитни бекатлардан олинадиган даромад эвазига қоплаб борамиз.

Олинган маълумотларга кўра, яқин келажакда вилоят марказида яна қирқдан ортиқ ақлли бекат қурилиб, ишга туширилади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
4 679