ЎзА Ўзбек

15.05.2020 Чоп этиш версияси

Технологияларга асосланган илм сари қадам

Технологияларга асосланган илм сари қадам

Бугунги кунда IT -технологиялар шиддат билан ривожланиб таълим соҳасини ҳам қамраб олмоқда.

Дунёнинг деярли барча замонавий таълим муассасаларини ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу соҳада анча илгарилаб кетган Сингапур мутахассислари ўқувчилар билан биргаликда онлайн дарсларни ташкил қилиб, ўқув материалларини ўрганиш учун мобил иловалардан фойдаланишади.

АҚШ, Хитой ва бошқа қатор мамлакатлардаги таълим муассасалари ҳам ўқиш жараёнига янги технологияларни жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.

«Кун чиқар» мамлакат Япония давлатида ҳам ушбу соҳа анча ривожланган. Жумладан, ўқитиш жараёнига халқаро интернет таълими фаол татбиқ этилиб, қўшма интернет-лойиҳалар яратилиб амалиётга жорий қилинмоқда. Математика, тарих, биология, чет тиллари бўйича ўқишни қизиқарли қилишга ёрдам берувчи 3-Д ўйинларидан фойдаланишади.

Ўзбекистон ҳам жаҳон ахборот-таълим маконида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Ана шу эришилаётган муваффақиятларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган Инновация, технология ва стратегия марказининг ҳам салмоқли ўрни бор. 

Марказининг фаолияти Халқ таълими тизимининг инновацион пилот лойиҳаларини техник амалга ошириш ва синовдан ўтказиш бўйича мувофиқлаштирувчи органни яратишга, шунингдек, рақамли инновацион технологиялар, веб-платформалар, дастурий маҳсулотлар ва ахборот тизимларини жорий қилишга қаратилган.

Ҳозирда Инновация, технология ва стратегия маркази бир қатор лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалга оширмоқда: Президент мактаби, “Edu Market” интерактив виртуал таълим дастури, “Edu kids” болалар учун илмий-оммабоп видеороликлари, Тошкент халқаро таълим университети, ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган “kitob.uz“ веб-портали.

Марказ ўз олдига кўнгилочар контент билан фойдали бўлган нарсаларни бирлаштириб, болаларнинг замонавий билимларини ўзлаштиришдаги қизиқишини оширишни мақсад қилиб қўйган. Таҳлилий маълумотларга қараганда бундай ёндашувлар болаларнинг ўйин давомида интеллектуал салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.

Яқин келажакда мамлакатимизда ахборот технологиялари қўшимча эмас, балки таълим жараёнининг ажралмас қисмига айланиши шубҳасиз.

5 959
Назокат Ражабова, ЎзА