Техника деҳқоннинг кучига куч қўшади
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалланинг каттагина қисми Қашқадарё вилоятида етиштирилади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалланинг каттагина қисми Қашқадарё вилоятида етиштирилади. Аммо кейинги бир неча йил ичида воҳада мазкур экинларнинг пишиб етилиши кечикаётган, натижада хирмон салмоғи ҳам кўзланганидан пастроқ бўлаётганди.
Бунинг асосий сабаби об-ҳавонинг ноқулай келаётганида ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, бу ўринда қишлоқ хўжалиги техникаларининг етишмаслиги, борларининг ҳам салмоқли қисми эскирганини таъкидлаш ўринли. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, вилоятда экинларни ўз вақтида экиш, оби-тобида ишлов бериш ва парваришлаш ҳамда ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш учун 21 минг 894 қишлоқ хўжалиги техникаси талаб қилинади.
Фермерлар хўжаликлари, кластерлар ва хизмат кўрсатиш корхоналари балансидаги мавжуд техникалар сони эса 16 минг 542 тани, яъни талабдагидан анча камни ташкил этади. Борларининг ҳам 15 мингтадан кўпроғи аллақачон эксплуатация муддатини ўтаб бўлган. Ёки вилоятдаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мисолида олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизмлари билан таъминланганлик даражаси кўрсаткичлари ниҳоятда паст эканига гувоҳ бўласиз. Ҳайдов тракторлари ва омочининг бор-йўғи 8 фоизи, чигит экиш сеялкаларининг 23 фоизи, ОВХнинг 6 фоизи, чуқур юмшаткичларнинг 14 фоизи, культиваторларнинг 65 фоизигина улар ихтиёрида эди, холос. Шунинг учун ҳам ер ҳайдаш ишлари кечиккан, экиш белгиланган муддатидан орқада қолган, ўз-ўзидан озиқлантириш, ишлов бериш ва йиғим-терим ортга сурилган.
– Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида мавжуд техникаларни қисқа фурсатда шай ҳолатга келтириш ва замонавий, бир эмас, бир нечта агротехник тадбирларни сифатли ўтказишга мўлжалланган техникалар харид қилиш белгилаб олинди, – дейди вилоят “Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Файзулло Ғуломов. – Унга кўра, жорий йилда 227 юқори ва ўрта унумли ҳайдов ҳамда 457 чопиқ трактори, 250 ғалла ўриш комбайни, 250 пахта териш машинаси, 417 культиватор, 105 махсус ер текислагич, 1152 уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омоч, 38 тиркама, 184 кўп вазифали пневматик ва механик сеялка, 161 экинни баргидан озиқлантириш механизмлари ва 670 бошқа турдаги ускуналар, жами 2721 ёки қарийб 958 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинадиган бўлди. Энг муҳими, мазкур техникалар февраль ойининг охиригача вилоятга келтирилиши белгиланди. Чунки бу ҳосилга ҳосил қўшишга хизмат қиладиган баҳорги агротехник тадбирларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Қувонарлиси шундаки, 2020 йилнинг дастлабки 20 куни ичида харид қилиниши кўзда тутилган техникаларнинг 380 дан ортиғи олиб келинди. Бунда, айниқса, қишлоқ хўжалигида ерни шудгорлашдан тортиб, экиш, парваришлаш ва хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёндаги кўп босқичли комплекс тизимни ўз ичига оладиган кластерларга билдирилган ишонч муҳим аҳамият касб этди.
Хусусан, вилоятдаги 35 минг 650 гектар майдонда пахта етиштириш ишониб топширилган “Индорама агро” масъулияти чекланган жамияти томонидан харид қилинган техникалар камхаржлиги, кўп функциялилиги ва иқтисодий самарадорлиги жиҳатидан аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади. Уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар билан жиҳозланган ҳайдов тракторлари ҳосилдор қатламга кўнгилдагидек ишлов берилиб, ҳаво алмашинуви яхшиланишини таъминласа, аниқ экиш сеялкалари ёрдамида уруғлик сарфи 2-3 баробарга камаяди. Бундан ташқари, мазкур сеялкалар билан уруғ қадалган майдонларда яганалаш ишлари талаб қилинмайди.
Муборак ва Касби туманларидаги 9 минг гектар пахта майдонини олган “Амир текс” ва Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз туманларидаги 22 минг гектар ерга эга “Оқсарой текстиль” пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан харид қилинган техникалар ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин. Уларда ҳам ҳайдовчи ва операторлар учун максимал даражада қулайликлар яратилган. Тракторлар салонларида йилнинг исталган об-ҳаво шароитида эмин-эркин ишлаш имконияти мавжуд. Механизаторлар сира қийналмайди. Дори сепадиган техникалар ҳам жуда самарадор. Бир кунда 200-250 гектар майдонга кимёвий воситаларни сепа олади. Янги ҳайдов ва чопиқ тракторлари ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик техникалари 5 йиллик кафолат муддати билан харид қилингани эҳтиёт қисмлар учун қилинадиган харажатларнинг олдини олади.
Бундан ташқари, вилоятда аввалдан мавжуд бўлган техникаларни сифатли таъмирлаш ишларига ҳам бу йил ҳар йилгидан эртароқ киришилди. Мисол учун, Касби ва Косон агросервис корхоналарида баҳорги агротехник тадбирларни амалга оширишга мўлжалланган барча техника ва механизмлар аллақачон мавсумга тахт ҳолатга келтириб қўйилган. Айни пайтда эса қишнинг қировли кунларига қарамай мавжуд ғалла ўриш комбайнларини созлаш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш ўринлики, деҳқоннинг қаноти бўлган техникаларнинг муддатидан аввал шай ҳолатга келтирилиши вилоятда қишлоқ хўжалиги ишларининг ҳам 15-20 кунга олдинга силжиши учун замин яратди. Натижада пахта экиш режалаштирилган 135 минг 900 гектар майдон тўлиқ шудгорланиб, бир қисмига пушта олиб ҳам бўлинди. Боз устига табиат ҳам саховат кўрсатиб, пушталарнинг салмоқли қисмига қор тушди. Деҳқонлар таъбири билан айтганда, “Қор тушди, пуштага қон кирди, қон кирди – жон кирди”.
– Жорий йилда шудгорлаш ишларининг ҳар йилгидан 15-20 кун илгари амалга оширилгани бошқа агротехник тадбирларни ўтказишда ҳам муҳим аҳамият касб этди, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Искандаров. – Жорий йилда 135 минг 900 гектар майдонда чигит экишни мўлжаллаяпмиз. Вилоятимизда фаолият юритаётган 9 та кластер хўжаликларининг барчаси билан ўтган йилда фермер хўжаликларининг 50 фоизи билан шартнома асосида пахта эккан бўлса, жорий йилда вилоятдаги мавжуд ғўза парваришланадиган майдонларнинг барчасига кластер хўжаликлари билан шартнома асосида чигит экилади. Ҳозирги кунга қадар пахта етиштириладиган майдонларнинг 24 минг гектарида текислаш, 17 минг гектарида пушта олиш ишлари бажарилди. Боиси бу тадбирлар қанча эрта якунланса, чигит экиб, ундириб олиш ишлари шунча олдинга силжийди.
Қишлоқ хўжалиги ишларининг олдинга силжиши ғалла майдонларига ҳам ўз кучини кўрсатди. Жорий йилги ҳосил учун ўтган йилда вилоят бўйича 141 минг гектардан ортиқ майдонга барака уруғи сепилди. Бугун тўлиқ туплаб, тинувга кирган ғаллазорлардаги қор аралаш яшиллик кўзни қувнатади. Мисол учун, Яккабоғ туманидаги “Султон Жалолиддин Мангуберди” фермер хўжалигига қарашли 29 гектар майдонда ғалла баравж ривожланмоқда. Фермер Норқул Нортошев ҳосил чўғи ўтган йиллардагидан ҳам зиёда бўлишини кўзлаб турибди.
– Ўтган йилнинг октябрь ойида эккан ғалламиз ҳозир туплаш фазасида, – дейди Норқул Нортошев. – Буғдойнинг “Бунёдкор R1” навидан экканмиз. Олдинги йил ҳам шу навдан экиб гектаридан 60 центнердан ҳосил олганмиз. Жорий йилда ҳам юқори ҳосил олиш учун барча агротехник тадбирларни вақтида бажараяпмиз. Масалан, экишдан олдин гектарига 250-300 килограммдан аммофос солдик. Ғаллани биринчи озиқлантириш жараёнида 100 килограммдан аммиакли селитра сепдик. Иккинчи озиқлантиришда ҳам 100 килограммдан селитра солдик. Гектарига 4-5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқарганмиз. Бу йил об-ҳаво ҳам қарашаяпти. Ҳозирга қадар икки-уч марта қор ёғди. Бу ҳам ғалланинг баравж ўсишига катта ёрдам беради. Хуллас режалар кўп. Ҳосил қанчалик кўп бўлса, манфаатдорлик шунча юқори бўлади.
Ғалланинг тинув давридан унумли фойдаланишни мақсад қилган қишлоқ хўжалиги ходимлари ариқларни, сув йўлларини тозалаш, далага маҳаллий ўғит чиқариш ишларига астойдил киришган. Чунки бу тадбирлар ҳам эртанги ҳосил мўл бўлишида муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими, вилоятда кўп босқичли қишлоқ хўжалиги ишлари муайян тизимга тушмоқда. Бу, ҳеч шубҳасиз, барча агротехник тадбирларни вақтида бажариш, мўл ҳосил етиштириш ва ҳосилни вақтида йиғиштириб олиш имконини беради. Бунинг ортида эса юрт фаровонлигини юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш каби эзгу мақсадлар мужассам.