Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 18:06 Чоп этиш версияси

Театр янги мавсумни бошлади, аммо...

Жиззах вилояти мусиқали драма театри навбатдаги мавсумни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл” драмаси асосида саҳналаштирилган спектакль билан бошлади.

Асарни кўп йиллардан буён ушбу даргоҳда ижод қилиб келаётган таниқли режиссёр Илҳом Норматов саҳналаштирди.

Кўпчиликка яхши таниш бўлган асарни саҳналаштиришнинг ўзига хос қийинчиликлари бўлади. “Жаннатга йўл” айнан шундай – халқимиз маънавий мулкига айланган асарлардан. Унинг саҳна кўринишидаги муваффақияти ҳам, камчилиги ҳам томошабин назаридан четда қолмайди.

Режиссёр ва актёрлар жамоаси асарни саҳналаштиришда бу масъулиятни тўла ҳис этгани спектакль давомида тўлиқ намоён бўлди. Ижодий жамоа асар ғоясини саҳнада акс эттиришда театр имкониятларидан тўғри фойдалана олган. Шунинг учун асар бош ғояси таъсирчанлигини оширишда сезиларли муваффақиятга эришилган.

Театр фаолиятига холис баҳони томошабин беради, албатта. Бунинг учун театр томошабинга тўлиши керак. Бироқ кейинги йилларда бу жиддий муаммога айланиб қолди. Шу боис мазкур спектаклда 550 ўринли театр залининг ярми томошабин билан банд бўлганини муваффақият, дейиш мумкин. Демак, ҳақиқий мухлислар бор. Уни томоша қилишга нафақат Жиззах, балки қўшни Сирдарё вилоятидан ҳам кўплаб театр ихлосмандлари келгани фикримиз тасдиғидир.

– “Жаннатга йўл” драмаси саҳналаштирилганини театрнинг веб-сайтида ўқиб, болаларимни ҳам олиб келдим, – дейди сирдарёлик Нодира Турдиқулова. – Театрга қизиққан мухлислар йиғилиб, бир автобусни тўлдирдик. Томоша ҳам шунча олис йўл босиб келганимизга арзирли бўлди. Ижодкорларга катта раҳмат.

Кейинги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор, давлат театрларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга доир кўрилаётган чора-тадбирлар кутилган самарани бермоқда. Тегишли қарорлар талабларидан келиб чиқиб, ушбу театр жамоаси фаолиятида ҳам қатор янгиланишлар амалга оширилди. Ўтган йили муассаса тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, ижодкорларга ҳам, томошабинларга ҳам барча қулайлик яратилди.

Айни пайтда театрни чинакам маданият, маърифат ва маънавият марказига айлантириш йўлида салмоқли ишлар қилинди. Жумладан, ижодий жамоа томонидан жорий йилда 50 мингдан зиёд кишига пуллик ва пулсиз томошалар намойиш этилди.

Аҳоли, айниқса, қишлоқ ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида туманларга ижодий сафарлар ташкил этилаётир. Театрнинг истеъдодли ёш режиссёри Шоҳрух Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган, дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш мавзусидаги “Баҳодир” спектакли намойиши вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўткир Ҳошимов асари асосида саҳналаштирилган “Тўйлар муборак”, “Кўнгил гулдек нозик” комедияларининг кўчма намойиши Дўстлик, Зарбдор, Зомин ва Фориш туманларида ўтказилди.

Март-апрель ойларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида Манас қишлоғида 3 маротаба театрлаштирилган концерт томошаси ҳамда “Тўйлар муборак”, “Кўнгил гулдек нозик” комедиялари намойиш этилди.

Бу борада янгиликлар кам эмас, бироқ бугунги кунда театр молиявий оғир аҳволга тушиб қолган. Томошабин камлигидан спектакллар саҳналаштириш харажатларини қопламаяпти. Ушбу муаммони ҳал этиш учун ҳукумат ва вилоят ҳокимлигининг қарорлари билан театр фаолияти самарадорлигини ошириш учун ҳомийлик кўрсатиш таклифини билдирган ташкилотлар белгиланган. Бироқ, ҳозирга қадар ҳомий ташкилотларнинг ҳеч қандай ёрдами сезилмаяпти. Оқибатда театр тарғиботи, реклама воситалари ўрнатиш ҳамда гастроль сафарлари билан кўчма намойишларга чиқиш учун автобус олиш масаласи ҳам муаммо бўлиб қолаётир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Бинобарин, халқимиз маънавиятини юксалтиришнинг муҳим воситаси бўлган театрни қўллаб-қувватлаш тараққиётимизга ҳисса қўшиш эканини ушбу муассасага ҳомийликни зиммасига олган ташкилотлар унутмасликлари лозим.

Тошқул Бекназаров, ЎзА