ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Театр мухлислари учун туҳфа

Театр мухлислари учун туҳфа

Ўзбек Миллий академик драма театрида Нартай Бекежанов номидаги Қизилўрда вилоят қозоқ мусиқали театр жамоасининг Раҳимжон Отарбаев асари асосидаги "Нарком Жургенов" номли драмаси намойиш этилди.

Ўзбекистонда Қозоғистон маданияти кунлари доирасида ташкил этилган ушбу намойишга кенг жамоатчилик, санъат мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Шу куни театр фойесида Қизилўрда вилояти мусаввирлари ижодига бағишланган бадиий кўргазма ташкил этилди. Мазкур кўргазма икки қардош халқнинг анъаналари, маданияти, қадимий урф-одати намойиш этгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбек Миллий академик драма театри директори Фатхулла Маъсудов, Қизилўрда вилояти ҳокимининг ўринбосари Руслан Рустемов, Қозоғистон Республикаси ўзбеклари “Дўстлик“ ассоциацияси раиси Икромжон Ҳошимжонов, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов ва бошқалар икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётгани маданий-маърифий жабҳаларда ҳам яққол кўзга ташланаётганини таъкидлади.

2018 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон йили доирасида мамлакатимизнинг кўплаб театр жамоалари қардош халққа ўз репертуарларидаги энг сара спектаклларни тақдим этган эди.

Мамлакатимизда кўтаринки руҳда ўтказилаётган Қозоғистон йили доирасида кўплаб янги премьералар, концертлар, мусиқий лойиҳалар, маданий мулоқотлар, кўргазмалар ўтказилаётгани эътиборга молик.

– "Нарком Жургенов" спектаклини атайин Ўзбекистонда намойиш этиш учун саҳналаштирдик, – деди Қизилўрда вилоят қозоқ мусиқали драма театри бадиий раҳбари, режиссёр, Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Ҳуссейн Амир Темур Жусип ўғли. – Темирбек Жургенов 1929-1937 йилларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистонда фаолият юритиб, санъат, маданият, маориф соҳаси ривожи йўлида самарали меҳнат қилган. Спектакль давомида қозоқ рақс санъатининг ёрқин юлдузларидан бири Шара Жиенқулованинг ўзбек санъатининг атоқли намояндаси Тамарахоним билан учрашиши, ундан маҳорат сирларини ўрганишига оид лавҳалар ҳам бор. Ишонаманки, бу спектакль томошабинни бефарқ қолдирмайди.

...Спектакль бошланди. Ушбу асар ўтган асрнинг ўта мураккаб даврини ёдга олиши билан бирга ёш авлодни Ватанга садоқат, халққа муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашига хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

1 503
Н.УСМОНОВА, ЎзА