ЎзА Ўзбек

19.09.2020 Чоп этиш версияси

ТДПУ фаолияти нотўғри талқин қилинганлиги юзасидан муносабат

ТДПУ фаолияти нотўғри талқин қилинганлиги юзасидан муносабат

Куни кеча айрим оммавий ахборот воситалари томонидан «Адолатни тиклашга нега қаршилик қилинмоқда» мавзусидаги лавҳа эфирга узатилди. 

Ушбу лавҳада Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети раҳбарияти шаънига салбий таъсир кўрсатувчи тасдиқланмаган ва асоссиз хабарлар берилди.

Лавҳа давомида университет ходими Ш.Р.ни ишга тиклаш ҳақидаги суд қарорининг ижро этилмаётганлиги ҳамда Чилонзор тумани МИБ ходимларининг Тошкент давлат педагогика университети ҳудудига киритилмаётганлиги бўйича видеотасвирлар акс этди.

Ваҳоланки, Тошкент давлат педагогика университети томонидан даъвогар Ш.Р.ни аввал эгаллаб турган кафедра мудири лавозими ёки университет тизимида унга тенг бошқа лавозим билан ишга тиклаш тўғрисидаги суднинг ижро ҳужжати амалга оширилган. Ҳозирги пайтда университет ректорининг 2020 йил 10 августдаги буйруғига асосан мазкур кафедра мудири сифатида илмий даражага эга бўлган И.И. фаолият олиб боради. 

Айни дамда университетнинг ўзида ушбу лавозимга тенг бўш жойлар мавжуд эмаслиги сабабли, Ш.Р. Тошкент давлат педагогика университетининг Хўжайли хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми директорининг ўринбосари этиб тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сонли «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан Хўжайли хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми Тошкент давлат педагогика университети тасарруфига берилган ва техникум унинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу лавозим ойлик иш ҳақи ва мавқеи жиҳатдан университет кафедра мудири лавозимига тенг ҳисобланади.

Ушбу ҳолат тўғрисида университет томонидан 2020 йил 17 сентябрда Чилонзор тумани МИБ бўлимига расмий хат юборилган. Ушбу жараёнга қадар ҳам бир неча марта Чилонзор тумани МИБ бўлимига Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 33-моддасига асосан ижро ҳужжатлари муддатини узайтиришни сўраб мурожаат қилинган. Аммо Чилонзор тумани МИБ бўлими томонидан университет томонидан ёзилган хатларга ёзма жавоб берилмаган.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2020 йил 20 августдаги ҳал қилув қарорига фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритилган. Аппеляция шикоятини кўриш фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2020 йил октябрь ойида бўлиб ўтиши белгиланган. Ушбу ҳолат бўйича университет масъуллари томонидан Чилонзор тумани МИБ бўлимига маълумот берилган. Аммо шунга қарамасдан бюро Чилонзор бўлими ижрочиси томонидан ушбу ҳолат инобатга олинмаган.

Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасига кўра, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш таъқиқланади. Шунга асосан, эфирга узатилган лавҳада тўлақонли суд иши якунланмасидан туриб, судга таъсир ўтказишга уриниш ҳолати кузатилган.

Видеолавҳада жабрланувчи сифатида кўрсатилган ходиманинг университет ректори ҳақида айтган фикрлари ҳам асосга эга эмас. Университетда илмий даражага эга бўлган ҳар қандай ходим университетнинг Илмий Кенгаши қарорига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилади. 

Шунингдек, университет раҳбарияти суд иши аппеляция тартибида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига оширилганлигини ҳисобга олиб, суд ишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай ОАВга маълумот беришни рад қилгани, бу қонунни менсимаслик эмас, балки қонунга амал қилишдир. Шу ўринда ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 08.00-11.00 гача университет ректорининг қабул кунлари эканлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

ОАВ томонидан жабрланувчи сифатида кўрсатилган ходима исми-шарифи сир сақланишини истаганлиги айтиб ўтилди. Аммо, лавҳа муаллифи бу ўринда, ишни тўлиқ ўрганмай туриб, университет ректори исм-шарифи таъкидланган, унга қарата нохолис ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган фикрлар айтилган интервью лавҳасини эфирга узатди. 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 100-моддасига асосан даъвогарнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни ҳақиқатга тўғри келишини тасдиқлаш жавобгарнинг зиммасига юклатилган. Университет юқоридаги қонун моддасига асосан даъво аризасини очадиган бўлса, видеолавҳа муаллифи ҳамда университетнинг собиқ ходимаси қонуний жавобгарликка тортилади. 

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига кўра, туҳмат қилганлик, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлик учун энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима белгиланган.

Муаллифнинг масалани тўлиқ ўрганмасдан, ҳуқуқий томонларини чуқур билмасдан бир томонлама ва нохолис ахборот берганлиги университетнинг ижтимоий мавқеига ва маънавий муҳитига зарар келтирди. 

Ўзбекистон Республикасининг «Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари келтирилган бўлиб, унда ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.

Президентимиз Ш.Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида олий таълим тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш борасида концептуал фикрлар ўртага ташланган эди. Бугунги кунда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети раҳбарияти ҳам тизимда коррупцияга мойил, илмий ва касбий талабларга жавоб бермайдиган ходимларга нисбатан қонуний чоралар кўрмоқда. 

Афсуски баъзи ўз касбига нолойиқ ходимлар ўз хатоларини тан олишдан бош тортиб, шахсий манфаатларини устун қўйган ҳолда бирёқлама, нохолис қарашлар ва популизм орқали университетнинг ўқув ва иш жараёнига салбий таъсир этишга уринмоқда.

Шу ўринда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети жамоаси барча оммавий ахборот воситалари билан педагогик таълим соҳасида доимий ахборотлар тайёрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

Низомий номидаги
Тошкент давлат педагогика университети

10 375
ЎзА