Сармишсой дараси талон-торож қилинмоқда. Наҳот бизнинг давримизга келиб 7-9 минг йиллик тарихга эга ноёб қоятош расмлари йўқолиб кетса...
Минглаб йиллик инсоният тарихини ўз бағрига яширган бу масканда айни вақтда чорва моллари ўтлаб юрибди.
Минглаб йиллик инсоният тарихини ўз бағрига яширган бу масканда айни вақтда чорва моллари ўтлаб юрибди.
Немис олими: “Шундай катта бойлик устида яшайсизлар-у лекин унинг қадрини билмайсиз. Агар бу тарихни ўргансангиз, ўқий олсангиз, жаҳонда сиздан бой инсон ва мамлакат бўлмайди”.
Бу қояда акс этган баъзи ноёб суратлар ўғирлаб кетилган. Ёғингарчилик эса қоятошларнинг кўп қисми сув остида қолиб, синиб тушган. Минг афсус ҳозирда хароб аҳволга келиб қолган мазкур масканни ҳеч ким ҳимоя ҳам, муҳофаза ҳам қилмайди.
Дунёдаги энг қиммат дори-дармонларга қўшиладиган ва биз валютага хориждан харид қиладиган дорилар таркибида муҳим ўрин тутувчи бу ўсимликни айнан шу ҳудудда ўсиши ҳақида маҳаллий аҳоли ҳам олимларимиз ҳам бехабар экан.
***
Юртимизда жойлашган Сармишсой ҳудуди бугун дунё эътиборини тортмоқда. Йўқса, ҳар йили ўнг мингдан зиёд халқаро миқёсдаги олимлар-у изланувчилар айнан уни кўриш, ўрганиш учун ўзларининг қиммат вақтлари ва маблағларини сарфламаган бўларди.
Немис олимларидан бири бу қоялар ҳақида таассуротларини айтаётиб, “Шундай катта бойлик устида яшайсизлар-у лекин унинг қадрини билмайсиз. Агар бу тарихни ўргансангиз, ўқий олсангиз, жаҳонда сиздан бой инсон ва мамлакат бўлмайди,” деганди афсус билан.
Минглаб йиллик инсоният тарихини ўз бағрига яширган бу масканда айни вақтда чорва моллари ўтлаб юрибди. Ўзини ҳурмат қилмайдиган айрим “рассом”лар туфайли “ С+М” ва шунга ўхшаш ёзувлар петроглифлар орасида кўзга тушган “доғ” бўлиб турибди.
1948 йилдан бошлаб ўрганилган бу қояларнинг пастидан юқоригача бўлган баландлиги 7- 8 метр атрофида бўлиб, пастидан юқори қисмигача турли-туман ҳолатлар тасвирланган расмлар чизилган.
– Сармишсой дараси ва унинг атрофларидаги сойлардан ўн мингдан ортиқ қоятош cypaтлapи аниқланган ва бу петроглифлар ўзида 35 мавзудаги образ ва сюжетларни акс эттиради, – дейди "Sarmishsoy Navoiy" дам олиш маскани директори Нафиса Воҳидова. – 7- 9 минг йиллик тарихга эга бу қоятошлар юртимиздаги ягона пичоқкесар қоятош ҳисобланади. Бу дегани, ҳар бир тош жуда ўткир ва у билан ниманидир, ҳатто гўшт кесиш мумкин. Шу каби омиллар асосида айтиш мумкин-ки, бу ерга ҳеч бир меҳмон шунчаки тушиб қолмайди. Балки интернет саҳифаларида Ўзбекистоннинг қайси жойларига боришни ўрганиб, қизиқиб келади. Кўпчилиги эса бу қоялар ҳақида биз билмаган маълумотларни билгани учун нималарнидир аниқлаштиришга келади.
Хорижликларни ҳайратланганича ҳам бор. Ахир Сармишсой петроглифлари энг қадимий услубларда ишланган бўлиб, уларнинг орасида буқа, тоғ эчкиси тасвирлари кўп учрайди. Улар юқори палеолит давридан бошланган қадимий давр овчилик маданиятига хос услубда тасвирланган. Агарда тарихий манбаларга эътибор қилсак, шунга ўхшаш тасвирлар Зараутсой (Ўзбекистон), Қобустон (Озарбайжон) ва Арабистон ярим оролида топилган. Баъзи биp палезоолог олимлapнинг тахминларига кўра-милоддан аввалги 2-минг йилликнинг иккинчи ярмидан бошлаб Марказий Осиёда қадимий буқа ва тоғ эчкиларининг coни кескин камайган ва милоддан аввалги 1-минг йиллик арафасида улар бутунлай йўқолиб кетган.
Айни кунларда эса улар акс этган, бебаҳо ёдгорлигимиз қоятошлар ҳам йўқолиб кетиш арафасида. Зеро, айни вақтда дара атрофи жуда аянчли ҳолатга келиб қолган. У қояда акс этган баъзи ноёб суратлар ўғирлаб кетилган. Бу йилги ёғингарчиликда эса қоятошларнинг кўп қисми сув остида қолиб, синиб тушган. Минг афсус ҳозирда хароб аҳволга келиб қолган мазкур масканни ҳеч ким ҳимоя ҳам, муҳофаза ҳам қилмайди. Ҳатто, унинг атрофида ташкил этилган ва асосий мижози ушбу қояларни кўришга келадиган дам олиш маскани ходимлари ҳам бу қояларга бепарво. Маҳаллий аҳолидан ташқари келган меҳмонлар ҳам қояларга истаганча муносабат кўрсатиши, зарар етказиши мумкин.
– Дам олиш масканимиз 32 гектарни ташкил қилади, –дейди Н.Воҳидова. – Биз шу ҳудуд атрофини ҳимоя қилиш ва қўриқлашга масъулмиз. Тўғриси, меҳмонлар бу ҳудуддан чиқиб кетгач, уларни нима билан шуғулланишига жавобгар эмасмиз. Қоятош расмларига келсак, у ерлар давлат ҳимоясида бўлиб, музей қўриқхона ҳисобланади. Агарда атрофи ободонлаштирилиб, таъмирланса маълум ҳақ эвазига кирадиган тартиб ишлаб чиқилса, яхши бўларди. Ахир, тарихий масканларга борган хориж фуқароси тўловларни амалга оширади. Шу тариқа мавжуд тарихий объектни талон-торож қилиш эмас, тўғри фойдаланишимиз керак.
Шу манзилда яшовчиларни маълум қилишларича, бу манзилга яқинда Германиядан бир олим келган экан. У “Қизил китоб” га киритилган ўсимликларни ўрганувчи мутахассис экан. Унинг ҳафталаб бу маконда қолиб кетганидан ҳайрон бўлишади. Шунда олим қоятошлар орасида "Қизил китоб”га киритилган, минг дардга даво ўсимлик топгани айтади. Ваҳоланки, дунёдаги энг қиммат дори – дармонларга қўшиладиган ва биз долларга хориждан харид қиладиган дорилар таркибида муҳим ўрин тутувчи бу ўсимликни айнан шу ҳудудда ўсиши ҳақида маҳаллий аҳоли ҳам олимларимиз ҳам бехабар экан. Балки, бу каби қанчадан-қанча бебаҳо ўсимликларни билмай босиб кетган ёки оддий ўт хаёл қилиб юлиб ташлагандирмиз.
Бу ерларда ноёб ҳайвонлар, бошқа ҳудудларда учрамайдиган бўри ва тулки турлари, қушлар ҳақида аҳолини фикрларини тинглаб, бу ҳудудларда ўзимизнинг олимларимиз ҳам жуда серқатнов бўлса керак-а? деган саволга, бирор марта ҳам этнограф ёки археология билан шуғулланадиган олимлар, экология вакиллари бу ерларда кўринмаганини қайд этишди. Бу маълумот ҳақиқатга яқинга ўхшайди, йўқса интернетни қидирганимизда Сармишсой қоялари ҳақида кўпроқ маълумот учратган бўлардик. Ҳозирча эса, деярли ҳеч бир гап ёки изланишлар йўқ.
Наҳот, биз ўтмишимиз ва келажагимизга шу қадар эътиборсиз халқмиз?! Сармишсой флора ва фаунасини, тарихини узоқ юртлардан олимлар ўрганишга келса-ю, шу халқ орасидан етишиб чиққан олимлар сукут сақласа. Улар қаерда ва нима билан машғул? Бу маскани қўриқлайдиган, ҳимоя қиладиган бирор бир ташкилот борми? Наҳот, шунча асрларда ўтиб, яшаб келган ўтмиш даракчилари, ноёб қоятош расмлари бизнинг давримизда йўқолиб, бузилиб кетса.
Тайёр бойликни асраб, ундан фойдалана олмасак, авлодлар бизни кечирадими?
Масъуллардан жавоб кутамиз.