ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

ТАЙИНЛОВ: Журналист Тошкент вилоятида раҳбарлик лавозимига тайинланди

ТАЙИНЛОВ: Журналист Тошкент вилоятида раҳбарлик лавозимига тайинланди

Нурафшон шаҳрида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Ш.Жавлонов, Тошкент вилояти секторлари, бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган йиғилишда ташкилий масала кўрилди.

Йиғилишда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, бир вақтнинг ўзида “Маҳалла“ хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими бошқаруви раиси лавозимига Раҳматилла Шералиев тайинланди.

Р.Шералиев 1952 йилда Тошкент вилояти Қибрай туманида таваллуд топган. 1974 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган.

Ўтган йиллар мобайнида Р.Шералиев “Тошкент ҳақиқати“ газетасида мухбир, масъул котиб ўринбосари, Қибрай тумани партия қўмитаси консультанти, бўлим мудири, ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, Ўзбекистон халқ демократик партияси Қибрай тумани кенгашининг биринчи котиби, Маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари, “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги“ журнали бош муҳаррири, Тошкент вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси, “Маҳалла“ хайрия жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раисининг ўринбосари, “Нуроний“ жамғармаси Тошкент вилояти бошқарув кенгаши раиси каби лавозимларда фаолият юритган. Айни пайтга қадар эса “Халқ сўзи“ газетаси мухбири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Йиғилишда шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ижроси юзасидан вилоятда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, жиноятчиликни жиловлаш, ёшларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар, бу борада йўл қўйилган айрим камчиликлар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар юзасидан йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича тегишли “Йўл харитаси“ ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинди.

Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Рустам Холматов иштирок этди

6 039
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА