ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

ТАЙИНЛОВ: янги ташкил этилган туманга ҳоким тайинланди

ТАЙИНЛОВ: янги ташкил этилган туманга ҳоким тайинланди

Сурхондарё вилоятида қайтадан ташкил этилган Бандихон туманида халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Туман кенгаши депутатлари, фаоллари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар иштирок этган сессияда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Бандихон туманини қайта ташкил этиб, ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилиниб, қайта тикланаётган туманнинг ҳудуди белгиланди. Бу масала Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари аҳолиси, халқ депутатлари туманлар ва вилоят кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилди.

Сурхондарё вилоятида бундан 28 йил муқаддам ташкил этилган мазкур туман тугатилиб, қўшни туманларга қўшилганига 8 йил бўлди. Бироқ, шу даврда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолиб кетди. Аҳолининг турмуш шароитида туб ўзгаришлар сезилмади. Хусусан, 76 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда 41 та умумтаьлим мактаби, учта ўрта махсус, касб-ҳунар таьлими, 1 та тиббиёт, учта мактабгача таьлим муассасаси мавжуд бўлиб, шу йилларда мазкур соҳаларда биронта янги муассаса қурилмаган. Йўллар ўнқир-чўнқир бўлиб қолган. Маданият, спорт, тадбиркорлик соҳалари ривожланмади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таьминлаш аянчли аҳволга келган.

Туманнинг қайта тиклангани бу ерда ягона бошқарувни йўлга қўйиб, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратишда муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори билан қайта тикланаётган туманни 2020-2022 йилларда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Қизириқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Ўткир Чориев Бандихон тумани ҳоким этиб тасдиқланди.

Сессияда шунингдек, туман прокурори, ички ишлар бўлими ва давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, туман ҳокими ўринбосарлари тайинланди.

Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

11 220
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА