ТАЙИНЛОВ: Бекобод туманига янги ҳоким тайинланди

Тошкент вилояти Бекобод туманига ҳам янги раҳбар тайинланди.
Тошкент вилояти Бекобод туманига ҳам янги раҳбар тайинланди.
Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент вилоятининг қатор ҳудудларига янги раҳбарлар тайинланмоқда. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишича, бугун – 18 февраль куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳам ташкилий масала кўриб чиқилган.
Шу пайтгача туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Абдуллаев Неъмат Озодович вазифасидан озод этилди.
Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Рустам Холматов таҳлилий маъруза қилиб, Бекобод туманини иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим жиҳатларига тўхталди. Хусусан, экспорт, инвестиция, ёшлар билан ишлаш, уларни иш билан таъминлаш каби устувор масалаларда Бекобод тумани вилоятда энг охирги ўринларда бораётгани танқид қилинди.
Сессияда Худойбердиев Фурқат Абдусаломович Бекобод тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Ф.Худойбердиев 1979 йили Бўка туманида туғилган. У 2000 йилда Тошкент давлат аграр университетини, 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар вилоят молия бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган.
Маълумотларга кўра, бугун шунингдек, халқ депутатлари Янгийўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказиладиган сессиясида ҳам худди шундай ташкилий масала кўриб чиқилиши кутилмоқда.